Давлат солиқ қўмитаси назорат-профилактика тадбирлари давомида мусодара қилинган 216 690 дона шахсий тиббий ниқобни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди.
Маълумки, Ўзбекистон фуқароларига карантин даврида зарурат бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмаслик тавсия этилган. Уйдан чиққан тақдирда тиббий ҳимоя ниқобини тақиш шарт. Ниқобсиз кўчага чиққанлик учун эса БҲМнинг 5 баробари (1 115 000 сўм) миқдорида жарима белгиланди.
ДСҚнинг «Ишонч телефони» ва «Call-маркази»га ҳар куни шахсий тиббий ниқобларнинг нархи ошиши билан боғлиқ шикоятлар келиб тушмоқда. Умуман олганда, карантин даврида ДСҚга антисептик воситалар, ниқоблар ва бошқа зарур тиббий маҳсулотларнинг нархи ошишига оид 2,5 мингдан зиёд шикоят қилинган.
Солиқ органлари ходимлари фуқароларнинг мурожаатларига зудлик билан жавоб бериб, назорат-профилактика тадбирлари ўтказмоқда. Шундай тадбирлар давомида асоссиз нархларнинг оширилиши ва ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Aфсуски, савдо қилишга рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган “олибсотарлар” томонидан етказиб берувчилардан катта миқдорда ниқобларни сотиб олиб, аҳолига қиммат нархларда қайта сотиш ҳоллари кўп учрамоқда. Мазкур товарлар санитария-гигиена стандартларига жавоб бермайдиган шароитларда сақланади ва асоссиз юқори нархларда сотилади.
Карантин даврида давлат солиқ хизмати органлари виждонсиз тадбиркорлар томонидан тиббий ниқобларни ноқонуний сотиш бўйича 81 та ҳолатни аниқлади. Назорат-профилактика тадбирлари давомида жами 718,8 миллион сўмлик 216 690 дона тиббиёт ниқоби вақтинча олинган.
Бу борада энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида (49), кейинги ўринларда Наманган (10), Андижон (7) ва Фарғона (5) вилоятларида қайд этилди.
Барча олиб қўйилган тиббий ниқоблар фойдаланишга яроқлилигини текшириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.
ДСҚ Матбуот хизмати.