Аввалроқ, давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ-4879-сонли фармонига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йил 17 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 377-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2020/2021 ўқув йилидан қуйидагилар тасдиқланди:
- Институт бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли учун ўқиш давомийлиги тўрт йил ва сиртқи таълим шакли учун беш йил этиб белгиланди;
- Институтнинг магистратура мутахассисликлари кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги 1 йил ҳамда масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакли ўқиш давомийлиги 2 йил этиб белгиланди;
- бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар, истисно тариқасида, Институт магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг давлат солиқ хизмати органларида камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади.
Давлат органларининг марказий аппаратида солиқлар ва солиққа тортиш, молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида камида 5 йил иш стажига эга раҳбар ходимларни Институт магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки таълим ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра кириш тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади.
Давлат солиқ қўмитасига Ўзбекистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларининг тавсиясига биноан «темир дафтар»га киритилган оилалар ёшлари учун институтга кириш учун алоҳида параметрларни белгилашга рухсат берилди. Ўқитиш (контракт тўлови) халқаро молия ташкилотларининг грантлари, ҳомийларнинг хайрия маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ёки субсидиялар ажратиш ҳисобига молиялаштирилади.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги солиқ техникумлари (Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежлари) битирувчилари Фискал институтнинг бакалавриат таълим йўналишига ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинади. Бунда ариза берувчилар давлат солиқ хизматида камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши керак.
Ҳужжат билан Фискал институтнинг Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди, Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 14 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг солиқ коллежини ташкил этиш тўғрисида» 298-сон қарори ўз кучини йўқотди.
2021/2022 ўқув йили учун Фискал институт қабул параметрлари
Қабул 4 та таълим йўналишда амалга оширилади:
– «Солиқлар ва солиққа тортиш» – 600 ўрин (200 та кундузги, 400 та сиртқи);
– «Бухгалтерлик ҳисоби ва иқтисод» – 300 ўрин (100 та кундузги, 200 та сиртқи);
– «Рақамли иқтисодиёт» – 50 ўрин (барчаси кундузги);
– «Халқаро солиққа тортиш ва божхона назорати» – 50 та ўрин (икки дипломли дастур, рус тилида кундузги таълим шаклида).
Абитуриентлар кириш имтиҳонларини иқтисодий йўналишлар блокига кириувчи фанлардан топширишади. Уларга умумий йўналишда – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари, мутахассислик йўналишида хорижий тиллар ва математика киради.
Фискал институтга қабул эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, барча университетлар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.