Бугун 2 июнь куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Қўқон шаҳридаги “Asmald palace” меҳмонхонаси анжуманлар залида фарғоналик тадбиркорлар билан учрашди.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилган учрашувда 30 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.
Ш.Кудбиев йиғилиш аввалида Президентимизнинг солиқчилар фақат солиқ йиғиш эмас, балки тадбиркорга кўмакчи бўлиши лозимлиги юзасидан берган топшириқлари бўйича учрашув ўтказилаётганлини таъкидлаб, иштирокчиларни очиқ мулоқотга чорлади.
Тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташладилар. Масалан, автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи “Автосаноат Компонент” МЧЖ директори ўринбосари Фарҳод Ҳакимов айни пайтда 120 нафар ишчи-ходим корхонада меҳнат қилаётганлиги, лекин пандемия туфайли савдо ҳажмлари пасайиб, маблағ етишмовчилиги юзага келаётганлигини маълум қилди.
Шундан келиб чиқиб, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан ўзига ўхшаган тадбиркорларга маълум бир муддатга кредитлар ёки ссудалар бериш таклифини билдириб, агар 2 йил муддатга 1 миллиард сўм миқдорида кредит оладиган бўлса, қисқа вақт ичида яна 15 та иш ўрни яратиб, 4-сектор ҳудудидаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаши мумкинлигини таъкидлади.
ДСҚ раиси томонидан ушбу таклиф ўрганиб чиқилиши ҳамда ҳудуддаги айланма маблағга эҳтиёжи бўлган тадбиркорлар рўйхати тузилиб, амалий чоралар кўрилиши таъкидланди.
Очиқ савол-жавоблар тарзида ўтган учрашувда тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан фикрларини билдирдилар, таклифларини ўртага ташладилар.
Ш.Қудбиев солиқ тизимини хизмат кўрсатиш соҳасига айлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ҳақида ўз фикрларини билдириб, муҳим ўзгаришларни амалга ошириш учун тадбиркорлар билан шахсан ўзи учрашаётганлигини таъкидлади.
Агар тадбиркор муаммосини ҳал этишда солиқчи унга кўмак бўладиган бўлса, тадбиркор фаолияти тўхтаб қолмайди, савдо айланмаси кўпаяди, унда қўшимча иш ўринлари яратилади, эҳтиёжманд оилалардаги фуқаролар муқим иш билан таъминланади, ва албатта, давлат бюджетига солиқ тушумлари ҳам кўпаяди. Мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги таъминланиб, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалади.
Зеро, солиқ идоралари олдида турган мақсад якунда фақат солиқ йиғиш эмас, балки, фуқароларимизнинг яхши яшашлари учун шароит яратишдир.
ДСҚ Матбуот хизмати.