Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқларни камайтириб кўрсатиш ва қўшилган қиймат солиғи суммасини ноқонуний ҳисобга олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган 50 дан зиёд тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашди.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган учрашувда ДСҚ раиси давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлар, солиқ тўловчилар билан конструктив мулоқотга, уларнинг муаммоларини тинглашга доим тайёр эканлигини билдирди.
Шу билан бирга Ш.Кудбиев мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хусусан, «шубҳали» корхоналар фаолиятга чек қўйишда ортга йўл йўқлигини ва бу борадаги ишлар жадал давом эттирилишини қатъий таъкидлаб ўтди.
Бунинг учун давлат солиқ хизмати органлари маълумотлар базаси, серверлари қувватини мунтазам равишда ошириб борилади, соҳага бизнес жараёнларни инсон омили аралашувисиз автоматик таҳлил қилиш ва солиқ қонунчилиги бузилишининг юқори рисклари, шубҳали молиявий операцияларни аниқлаб бериш имконини берувчи замонавий технологиялардан кенг фойдаланилади.
Мутахасссислар томонидан олиб борилган кейинги таҳлиллар натижасида шубҳали тадбиркорлик субъектлари сони бундан ҳам кўп эканлиги аниқланди. Таҳлика-таҳлил (риск-анализ) дастури орқали ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, дастлабки аниқланган 396 та шубҳали корхона қаторига яна 129 та корхона қўшилиб, улар сони 525 тага етди.
Шунингдек, қўмита раиси «обналчилар» – ҳалол ишлайдиган тадбиркорнинг биринчи ва ягона душман эканлиги, улар носоғлом рақобат муҳитини вужудга келтириб, бошқа инсофли солиқ тўловчилар бизнесига путур етказаётганлигиини, бундай ноқонуний ҳаракатлар бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганлигини алоҳида эътироф этди.
ДСҚ раиси ҳар бир тадбиркорнинг арзини бирма-бир тинглади. Уларнинг муаммоларига асосли ечимлар таклиф этди. Жумладан, ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисобга олиш натижасида солиқ қарздорлиги вужудга келган тадбиркорларга Солиқ кодекси нормалари асосида уларни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берди. Бунда тадбиркорлик субъекти вакиллари давлат солиқ органларига ариза билан мурожаат қилишлари лозим бўлади.
Давлат солиқ хизмати органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида очиқ мулоқот майдони яратиш, яъни телеграм ижтимоий тармоғида “Солиқчи ва тадбиркор” гуруҳини ташкил этиш вазифасини топширди. Ушбу гуруҳда ўртага ташланган ҳар бир асосли таклиф, мурожаат ва эътироз мутахассислар томонидан муҳокама қилиниб, ижобий ечимлар таклиф этиб боришга келишиб олинди.
Тадбиркорлар ҳам, бир қатор таклифлар билдирди. Хусусан, инсофсиз солиқ тўловчиларни аниқлаш бўйича хизматлар кўламини кенгайтириш таклиф этилди. Давлат солиқ хизмати органларининг шаффоф фаолият юритишидан манфаатдор эканликларини ва бундай ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлашларини билдирди.
– Бу каби учрашувлар тез-тез ташкил этилса, бундан давлат солиқ хизмати органларига ҳам, тадбиркорларга ҳам ҳар томонлама фойда бўлади, – дейди тадбиркор Умиджон Юнусов. – Биз инсофсиз тадбиркорлик субъектларини аниқлаш тизимини янада такомиллаштирилиши тарафдоримиз. Мазкур тизим эртами, кечми жорий этлиши лозим эди. Тан олишимиз керак бу дастлаб бироз қийинчиликлар туғдириши мумкин. Аммо мазкур тизим ҳалол ва қонуний тадбиркорлик муҳитини яратишда, яширин иқтисодиётнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, ҳозиргача, 10 мингга яқин корхона бюджетга тўланадиган солиқ суммаларини камайтирган шубҳали тадбиркорлик субъектлари билан молиявий операцияларни амалга ошириб, қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоб (зачет)га олган ҳолда бюджетга тўламагалиги аниқланди.
ДСҚ Матбуот хизмати