Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-cонли қарори билан “Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Низом талабларига кўра ҳисобварақ-фактуралар қуйидаги муддатларда тақдим этилиши лозим:
– Ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилади;
– Товарлар (хизматлар) юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойининг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт;
– Товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган ҳолларда (коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, транспорт-экспедиторлик хизмати) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади. Бунда, ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан расмийлаштиралади ва товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар тақдим этилади; .
– Объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги санаси билан расмийлаштирилади ва хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар тақдим этилади;
– Низом талаблари асосида ҳисобварақ-фактура расмийлаштирмайдиган ҳолатлар бўйича, яъни товарлар (хизматлар) назорат-касса техникаларини қўллаган ҳолда чек бериш орқали ҳамда йўл чипталарини қўллаган ҳолда реализация қилинганда етказиб берувчи товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура шакллантиради.
Ҳисобварақ-фактураларнинг қабул қилиниши
Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактура ўн календарь куни ичида сотиб олувчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт.
Сотиб олувчи томонидан белгиланган муддатда, тасдиқланмаган ёки рад этилмаган электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади.
Қўшилган қиймат солиғи суммаси фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҳисобга олинади.
Юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни амалга оширган ҳолда товарларни (хизматларни) сотиб олган ҚҚС тўловчилари онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чекларини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қайд этган ҳолда уларни харидлар реестрига киритиш ҳамда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
ДСҚ Матбуот хизмати