Жорий йил бошидан барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш тизими йўлга қўйилди. Бу аввало қоғозбозликни камайтириш, харажатларни қисқартириш ва энг муҳими вақтни тежаш имконини бермоқда.
Айни пайтга қадар Тошкент шаҳрида 43 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъект ушбу тизимдан фойдаланишга ўтган. Улар томонидан товарларни (хизматларни) сотиш ва сотиб олишда 2 млн.дан зиёд ҳисоб-фактуралар электрон тарзда расмийлаштирилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш тизими йўлга қўйилгани ҳозирги пандемия шароитида айни муддао бўлмоқда. Буни корхоналар ҳисобчилари томонидан билдирилган фикрлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Электрон ҳисобварақ-фактура тизими йўлга қўйилгани ҳар бир тадбиркор учун олтинга тенг бўлган вақтини тежашга имкон бермоқда, - дейди пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритаётган «LAURA PERI FASHION» масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Дилдора Сапарбекова. – Қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактура тизимида ишлаган пайтимиз харажатларимиз кўп эди, анча вақт ҳам йўқотар эдик. Масалан, Самарқанд, Навоий, Фарғона ва Наманган вилоятидаги ҳамкорларимизга почта орқали жўнатсак, 2-3 кун кутишга тўғри келарди. Баъзида таксилар орқали жўнатишга мажбур бўлардик ва ҳисобварақ-фактура йўқолиб кетишига сабаб бўларди. Эндиликда бу муаммоларимиз ўз ечимини топди. Электрон ҳисобварақ-фактура тизими операторлари 24/7 режимида ишламоқда. Бу исталган вақтда зарур ҳужжатларни керакли манзилга ҳеч бир муаммосиз юбориш имконини беряпти. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, аввалгидек, ҳар бир ҳисобварақ фактурани қоғозда йиғиб боришга эҳтиёж қолмади. Чунки, роуминг операторида 10 йил, электрон ҳисобварақ-фактура тизими операторларида эса 5 йил давомида сақланади.
– Бизнинг корхона бухгалтериясида тизимдан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмади, аксинча қулайлигига тезда ўрганиб кетдик – дейди "Central Asia Voyages-Cav" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарҳод Раҳимов. – Боиси, электрон ҳисобварақ-фактура тизими бир қатор имкониятларни тақдим этди. Масалан, ушбу тизим орқали бозордаги талаб ва таклифни ўрганиб боришимиз янада осонлашди. Бундан ташқари, ЭҲФда ҚҚС тўловчиларининг тўғри кўрсатилиши ҳам бизга жуда қўл келяпти. Қолаверса, тизимдан фойдаланиш орқали вақт ва ортиқча харажатни тежапмиз. Хусусан, илгари биргина ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришга ўртача 8300 сўм минимал харажат қилишга тўғри келар эди. Корхонамизда бир ойда 10 мингта ҳисобварақ-фактура шакллантирилса, бу 83 миллион сўм деганидир. Унга кетган вақтни эса, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.
Маълумот учун: Жорий йилнинг ўтган даврида пойтахтимизда фаолият юритаётган 17 минг 416 та қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналар ҳамда 4 минг 455 та якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни (хизматларни) сотиш ва сотиб олишда ҳисоб-фактураларни электрон тарзда расмийлаштирган.
Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати.