Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган секторларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни иш билан таъминлаш, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шодиёр Аҳмедов Булунғур ва Ургут туманида бўлиб, у ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашди.
4-сектор мутасаддилари томонидан кўрилаётган чоралар натижасида Булунғур туманидаги “Хуршид Сафаров даласи” фермер хўжалиги ва Ургут туманидаги “Smart hygiene facilities” МЧЖ корхонаси томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 10 нафар аъзоси доимий иш билан таъминланди.
Вилоят 4-сектор раҳбари корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, иқтисодий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларига берилаётган енгилликлар ва солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил тушунча берди.
– Коронавирус пандемияси даврида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонлар мазмун-моҳияти аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига тушунтирилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти 4-сектор раҳбари Шодиёр Аҳмедов. – Айни мураккаб бир даврда тақдим этилган енгиллик ва имтиёзлар тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Зеро, бу иқтисодиёт тармоқларига пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга, хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор фаолият юритишига замин яратади.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда Самарқанд вилояти 4-сектор ҳудудида эҳтиёжманд аҳоли сони 46 106 кишини ташкил қилади. Шундан, 10 371 нафари кам таъминланган, 4 677 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож, 7 540 таси ногиронлиги бўлган шахслар бўлса, 286 нафари якка-ёлғиз кексалар ва 23 232 нафари карантин даврида даромад манбаидан маҳрум бўлган фуқаролардир. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида сектор ҳудудидаги 13 286 та оилага 5 миллиард сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 8 155 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди. Жорий йил якунига қадар яна 8 363 кишининг ишга жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Самарқанд вилояти давлат
солиқ бошқармаси матбуот хизмати