Электрон ҳисобварақ-фактураларга қўшимча равишда иккита махсус устун қўшилди:
– бирига маҳсулот ва хизматлар учун идентификация кодлари (МХИК);
– иккинчисига эса товар (хизмат)ларнинг штрих коди киритилади.
Тадбиркорлар маҳсулот ва хизматлар учун идентификация кодларини товарларнинг Ягона каталоги бўйича аниқлайди. Мазкур каталогда товарга оид маълумотлар кенгайтирилган ҳолда акс этган. Хусусан, “маиший техника” позицияси товарнинг ишлаб чиқарувчиси ва унинг манзили, товар номи, бренди, тавсифидан қатъи назар, барча маиший техникаларни бирлаштиради.
Электрон солиқ хизматлари портали – my.soliq.uz да Товарларнинг ягона каталогига мувофиқ товар кодини аниқлашнинг 3 хил имкони мавжуд:
Биринчи усул - “Ақлли излаш” тизими. Товар ёки хизмат номини ўзбек ёки рус тилида киритиш орқали излаш;
Иккинчи усул - Товарларнинг ягона каталоги рўйхати орқали излаш;
Учинчи усул - Штрих кодни тўлиқ киритиш орқали излаш.
Ягона электрон классификатор – tasnif.soliq.uz сайти ҳам маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодларини электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттиришга имкон беради. Сайтда электрон ҳисоб-фактура операторлари хизматлари ва электрон шартномалар тизими билан ўзаро алоқа тизими мавжуд. “Танланганларга қўшиш” тугмасини босиш орқали маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди солиқ тўловчининг шахсий кабинетига бириктирилади ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторида (шахсий кабинетда) акс эттирилади.
ЭҲФни расмийлаштириш жараёнига киритилган мазкур икки устун товарларнинг аниқ ҳисоби юритилишини қулайлаштиради. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчидан тортиб, сотиб олувчигача бўлган жараёнда товар ҳаракатини кузатиб бориш имконини беради.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази Матбуот хизмати