Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 25 июндаги 522-сон қарори билан республика ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизими жорий этилган.
Жорий йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 47-моддасига мувофиқ, ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг (ЭҲФ) ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 807-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида республика ҳудудларида ҳисобварақ-фактуралар, ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати электрон шаклда алмашиниши синов тариқасида тажрибадан ўтказилиб, электрон ахборот алмашиш тизими ўзининг ижобий натижасини кўрсата олди.
Айрим хўжалик юритувчи субъектларда электрон тарзда юборилган ишончноманинг қонунийлиги борасида турли тушунмовчилик ва хавотир билдиришмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида ва “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонун 7-моддасида электрон рақамли имзо билан қўлда ўзи қўйган имзонинг бир хил аҳамиятга эгалиги ва у билан бир хил юридик кучга эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Демак, ЭҲФ каби электрон ишончномалар ҳам синовдан ўтказилган ва тўлақонли ҳуқуқий асосга эга бўлиб, уларнинг қонунийлиги борасидаги хавотирлар мутлақо ўринсиз.
Яна бир муҳим жиҳати ҳужжатлар ЭҲФ операторлари орқали расмийлаштирилган барча электрон ҳужжатлар операторларнинг маълумотлар базасида камида 5 йил, шунингдек ЭҲФни марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилиши учун масъул роуминг операторида 10 йил давомида хавфсиз сақланади.
Ҳозирги кунда ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимида фаолият олиб бораётган аксарият операторлар томонидан ҳисобварақ-фактуралардан ташқари ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва бошқа ҳужжатларни электрон тарзда шакллантириш имконияти ҳам яратилган.
Шу боис тадбиркорлик субъектлари асоссиз хавотир ва ноўрин ишончсизликка берилмай, бундай қўшимча қулайликлардан оқилона фойдаланиши мақсадга мувофиқ.
Зеро, мамлакатимизда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, уларга яқин ва ишончли кўмакчи бўлиш устувор мақсадга айланган.
Тураев Нозим,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази
“Электрон ҳисобварақ-фактураларни жорий этиш ва хизмат кўрсатиш” бўлими бошлиғи