Озод Халилов 27 ёшда. Ҳар йили Россия Федерациясига мавсумий ишлаш учун қатнар эди. Охирги пайтларда, айниқса, ширин фарзандининг соғинчи уни безовта қила бошлади.
Коронавирус пандемияси сабаб уйига муддатидан олдин қайтди. Энди бегона юртга бориб ишлаш эмас, ўз юртида даромад топиши зарурлигини тушуниб етди.
- Маҳалламиз учун масъул бўлган тўртинчи секторга тадбиркорлик фаолиятимни бошлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, - дейди бугунги кунда “Оқтош биллур” МЧЖ раҳбари Озод Халилов. – Сектор раҳбарияти менинг бизнес режам билан қизиқиб, кредит ажратлиши ва бинони “ноль” қийматда олишимга ёрдам кўрсатишди. Банкдан 500 млн.сўм кредит олиб, Ўсмат шаҳарчасидаги ташландиқ бинони ободонлаштирдик.
Натижада бу ерда замонавий сервис тури – келин-куёвлар учун фотосессия хизмати йўлга қўйилди. Илгари бу хизматдан фойдаланиш учун албатта, Жиззах шаҳрига бориш талаб этилар, туманимизда бундай жойлар мавжуд эмас эди. “Marry me” фотосалонида 10 та иш ўрни яратилди. Яқин кунларда бинода кафе ва сартарошхона ишга тушиб, яна бир нечта иш ўрни очилади.
Энди Россияга ишлагани боришим шарт эмас. Оилам бағрида, ўз юртимда тадбиркорлик қиламан.
Жиззах вилоят ДСБ Матбуот хизмати