Ер участкаларидан, жумладан туристик туманлардаги давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг “Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6027-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Солиқ кодекси билан берилган айрим имтиёзларни бекор қилиш белгиланди.
Жумладан, ер солиғи бўйича қуйидагилар томонидан эгалланган ер участкалари учун берилган имтиёзлар бекор қилинади:
- соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;
- аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;
- санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;
Бундан ташқари, туристик зоналарда жойлашган мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари учун берилган имтиёзлар ҳам бекор қилинди.
Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу соликларни тўлашдан озод қилиш ваколатини бериш назарда тутилган.
Мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни Солиқ кодексига киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш ва саломатликни тиклаш билан боғлиқ идоравий дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни (болалар оромгоҳлари бундан мустасно) хусусий секторга сотиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Таклифларда фақат бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида (капиталида) давлат улуши миқдори 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, уларнинг таркибий бўлинмаларига тегишли бўлган объектлар назарда тутилади.
Ҳужжатда 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда туристик зоналардаги алоҳида ер участкалари, шу жумладан жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкалари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер солиғининг 3 бараваригача оширилган ставкасини белгилаш кўзда тутилмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати