Ўзбекистонда роппа-роса бир йил аввал Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарори билан ўзини ўзи банд қилиш ёхуд self-employment жорий этилган эди.
Масофадан онлайн тарзда содда ва қулай усулда рўйхатдан ўтиш фуқароларни жалб қилди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадларига солиқ солинмайди. Улар ихтиёрий равишда бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаб меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. 2021 йил 1 февралдан базавий ҳисоблаш миқдори 245 минг сўм этиб белгиланган.
Ўзини ўзи банд қилиш динамикаси ўсиб боришида ёшлар ҳиссаси алоҳида сезилмоқда. Хусусан, июль ойи бошига қадар мамлакатда 852 372 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Шундан 30 ёшгача бўлганлар 310 148 нафарни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятида ўзини ўзи банд қилган ёшлар бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқни ташкил этмоқда.
Ёшлар қуйидаги йўналишларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда:
– маиший хизматлар (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар) – 106 482 нафар.
– қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) – 71 694 нафар;
– саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) 51 575 нафар;
– ижтимоий хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) – 44 273 нафар;
– халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) – 26 639 нафар;
– АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 9 485 нафар ёш рўйхатдан ўтган.
Солиқ органларида хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мутлақо бепул. Бу жараённи Soliq мобил иловаси («Ўзини ўзи банд қилиш» бўлими) ёки my.soliq.uz. порталида солиқ тўловчининг шахсий кабинет орқали масофадан амалга ошириш мумкин. Рўйхатдан ўтиш QR-кодли маълумотнома билан тасдиқланади. Жисмоний шахснинг барча маълумотлари Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилади.