Бугун ижтимоий тармоқларда солиқ хизмати органлари ходимлари “Ўрикзор” бозорида тадбиркорлардан ишланмаган кунлар учун тўлов ҳамда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманига мажбурий равишда хайрия маблағлари ўтказиш талаб қилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда хайрия амаллари ихтиёрий бўлиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатган тадбиркорлар бир қатор солиқ имтиёзларидан фойдаланишлари мумкин.
Хайрия ёрдамини кўрсатаётган тадбиркорлар ҳамда уларни олаётган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “saxovat.argos.uz” сайтида шакллантириб борилмоқда.
Ушбу сайтга жойлаштирилган маълумотлар Президентимизнинг 27 апрелдаги ПФ-5986-сон Фармонида белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ хизмати органлари ходимлари “Ўрикзор” бозоридаги тадбиркорларни хайрия маблағлари ўтказишга мажбурлаётганлиги ҳолати зудлик билан ўрганиб чиқилди. Ишонтириб айтамизки, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Агарда сиз давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан хайрия ишларига мажбурлаш ҳолатларига дуч келсангиз, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг 71-244-98-98 рақамли “Ишонч телефони”га зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Бундай фактлар тасдиқланган тақдирда ДСҚ раҳбарияти томонидан давлат солиқ хизмати органлари ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
ДСҚ Матбуот хизмати.