Бугунги синовли даврларда коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан ҳам муҳим.
Янги қабул қилинган ҳужжатларга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар белгиланган меъёрлар асосида айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Жорий йил 20 май ҳолатига кўра, 277 нафар солиқ тўловчи Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасига солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини кечиктиришни сўраб мурожаат қилди.
Ушбу мурожаатлар асосида солиқ тўлаш муддатларини кечиктириш ҳуқуқи 169 та тадбиркорлик субъектига тақдим этилди.
Ҳозирга қадар кечиктирилган солиқларнинг умумий суммаси
4 миллиард 471 миллион сўмдан ортди. Жумладан, саноат соҳасида 2 миллиард 628 миллион сўм, ишлаб чиқаришда 466,4 миллион сўм, савдода 541,7 миллион сўм ва хизмат кўрсатишда 387,1 миллион сўмлик солиқларни тўлаш муддати ўзгартирилди.
Мисол учун, аҳоли кундалик эҳтиёжи учун ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Фарғона ёғ-мой” АЖ ҳам берилган имтиёздан унумли фойдаланмоқда.
– Карантин даврида солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш бўйича тақдим этилган имтиёзлар натижасида қарийб 400 миллион сўм миқдорида маблағ айни пайтда корхонамиз ихтиёрида қолмоқда, – дейди “Фарғона ёғ-мой” АЖ бош ҳисобчиси Ойбек Ҳикматов. – Аниқроқ айтадиган бўлсам, бизнинг корхона жами 393 миллион сўм – 105,5 миллион сўм ер, 165 миллион сўм мол-мулк ва 122,5 миллион сўм миқоридаги сув ресурсларидан фойдалангганлик учун солиқларни йил якунига қадар кечиктириш имкониятига эга бўлди. Албатта, солиқдан тежаб қолинаётган ушбу маблағлар ишлаб чиқариш жараёнига ижобий таъсир этади ҳамда ходимларни қўшимча моддий рағбатлантиришимизга сабаб бўлади.
Айни пайтда яна 1 миллиард 376 миллион сўмга яқин 97 та мурожаат маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасида эса 11 та мурожаат ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5996-сонли Фармонига кўра, кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилган кичик тадбиркорлик субъектларининг 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари ҳисобдан чиқарилди. Албатта, ушбу имтиёз ҳам тадбиркорларга иқтисодий томондан жуда катта енгиллик яратади. Биргина вилоятимиздаги тадбиркорлар давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 10,3 миллиард сўм маблағни солиқлардан тежаб қолади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, карантин даврида берилаётган бундай солиқ имтиёзлари натижасида тадбиркорлар ҳисобида қўшимча маблағ қолади ҳамда улар ушбу маблағларни ишчи-ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятининг узлуксиз давом этишига йўналтириш имкониятига эга бўладилар.
Илҳом АЛИМОВ,
Фарғона вилояти ДСБ катта инспектори.