30 мартдан бошлаб мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун зарур чора сифатида Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида шахсий транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов жорий этилди.
Шу боис, бир кун аввал – 29 март куни пойтахтимизнинг кўплаб бозорларида тартибсизликлар юзага келди. Одамлар озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги бошланишидан хавотирга тушиб, барча зарур маҳсулотларни кундалик истеъмолдан ортиқча, захира учун сотиб ола бошлади.
Одамлар карантиннинг энг оддий меъёрларини бузаётганликларини унутишди, бозорларда узундан-узун навбатлар ҳосил бўлди. ДСҚ “ишонч телефони”га 29 март куни бир кун аввалгидан деярли икки баробар кўп – 651 та мурожаат келиб тушди.
Фуқаролар озиқ-овқат маҳсулотлари захираси тугаши ва бозорларда картошка етишмаслиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиб кетиши мумкин деган мазмунда шикоят қилди.
Ушбу фикрлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, барча постларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган автотранспорт воситаларини кузовига мажбурий санитар ишлов берилгандан кейин ўтказиб юбориш топшириғи берилган.
Бундан ташқари, супермаркетлар, озиқ-овқат бозорлари, шунингдек, маҳаллаларда, аҳоли яшаш пунктларида жойлашган озиқ-овқат дўконлари ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. Масалан, бугун 30 март куни пойтахтимиздаги бозорларда савдо расталари арзон маҳсулотларга тўлалиги, одамлар келиши камайгани кузатилди.
Ҳурматли ватандошлар! Беҳуда саросимага тушманг, кўчага фақат зарур ҳолларда чиқишга ҳаракат қилинг, одамлар тўпланиб турган жойларга яқин борманг. Оломон навбатларида туриб, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг. Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари етарли, шунинг учун уларни кўп миқдорда захиралашдан маъни йўқ.
Агар сиз маҳсулотларнинг нархларини асоссиз оширилишига гувоҳ бўлсангиз, биринчи навбатда, ДСҚнинг (71)244-98-98 рақамли “Ишонч телефони”га ёки 1198 қисқа рақамли “Call-маркази”га мурожаат қилишингизни сўраймиз.
ДСҚ Матбуот хизмати.