Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган V тираждан бошлаб ютуқли чек ўйинлари қамрови бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Бешинчи тиражда супер ютуқ – Chevrolet Nexia 3 автомобилини Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи иштирокчи ютиб олди. Бошқа қимматбаҳо совринлар Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятлари истеъмолчиларига насиб этди. Ғолиблик қувончи бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Ушбу тиражда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарига ўрнатилган онлайн НКМ ва виртуал кассалардан берилган ва рўйхатдан ўтказилган 105 112 та чек иштирок этди.
Ютуқли чек ўйинлари ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, жонли эфирда ўтказилган ҳар бир тираждан сўнг, ғолибларга SMS хабарнома юборилади. Ғолиб бўлган чек эгалари ютуқли чек ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши лозим. Ташкилотчилар барча совринларни ўз соҳибларига, шу жумладан, чекка ҳудудлардаги ғолибларга ҳам етказиб беради.
Ғолиблар қувончини барча билан бўлишди.
Раҳимжон Акромов пенсионер (телевизор соҳиби):
Фарзандларим ютуқли чек ўйинлари ҳақида айтгач, харид чекларини мунтазам равишда йиғиб боряпмиз. Телефонимга SOLIQ иловасини ўрнатиб, чекларнинг QR кодини сканерлаб рўйхатдан ўтказяпмиз. Ҳар бир тиражни жонли эфир вақтида оилавий кузатиб борамиз. Мана 5-тиражда телевизор соҳиби бўлдим. Бу телевизорни яқинда турмушга чиққан қизимга совға қилмоқчиман. Янги телевизор жамиятнинг янги бўғинига хизмат қилсин!
Жаҳонгир Каримов авточилангар (кондиционер соҳиби):
Бирон харидни амалга оширганимда доимо чекларни талаб қиламан. Ютуқли чек ўйинлари бешинчи тиражида менга омад келтирган чек АЁҚШдан берилган чек бўлди. Ғолиб бўлганимда дўстларимнинг хурсанд бўлганини кўрганингизда эди. Улар ҳам чекларни рўйхатдан ўтказишни бошлади. Яқинда янги уй олмоқчимиз. Бу кондиционерни янги уйимизга ўрнатмоқчиман.
Жаҳонгир Раҳмонов, Қашқадарё вилояти (автомобиль соҳиби):
Текстиль фабрикасида муҳандис-технолог бўлиб ишлайман. Лотерея сотиб олиш талаб этилмайдиган ютуқли ўйин мени қизиқтириб қўйди. Синаб кўриш учун дорихонадан берилган иккита чекни рўйхатдан ўтказдим. Улардан бирига супер-ютуқ Chevrolet Nexia 3 автомобили чиқди. Хурсандчилигимни оила аъзоларим, барча яқинларим ва қўни-қўшниларим билан бўлишдим. Хариб миқдори 21 минг бўлган чек билан автомобил ютиб олиб, Шаҳрисабз шаҳри “Файзобод” маҳалласидаги энг машҳурлардан бирига айландим. Ўйинда иштирок этишда давом этаман, бошқаларга ҳам тавсия қиламан.
Совринларни топшириш қамрови кенгайиб бормоқда – ҳаяжонли ва ёрқин кадрлар фоторепортажда жамланган.
Эслатиб ўтамиз, ютуқли чек ўйинларининг олтинчи тиражи учун чекларни рўйхатдан ўтказиш давом этмоқда. Бунинг учун истеъмолчилар 17 ноябрь 12:00 дан кейин берилган чекларни рўйхатдан ўтказишлари лозим.
ДСҚ Матбуот хизмати