#Ҳаёт_давом_этади
“Наманган дон маҳсулотлари” очиқ турдаги акционерлик жамияти нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўзига хос мавқега, нуфузга эга бўлган корхоналардан бири. Карантин шароитида ҳам халқимизга ун етказиб бериш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида 273 нафар ишчи ходимлардан иборат жамоа навбат асосида иш ташкил этиб, фаолиятни тўхтатмади.
Ишлаб чиқаришдаги муваффақиятлар, ютуқлар салмоқли. Корхона маҳсулотлари харидоргир бўлганлиги учун ҳам бозори чаққон. Жорий йил 1 мартдан қайта модернизация қилиниб, янги қувват билан иш бошлаган корхонада 250 тонна буғдойни қайта ишлайдиган тегирмон цехини ҳам ишга туширилди. Ўтган март-апрель ойларида 9808 тонна ун ишлаб чиқарилди.
- Айни пайтда 138 нафар ишчилар карантин талабларига риоя этган ҳолда ўз меҳнатларини давом эттиряпти. Иш тартиби ётоқ режимида. Яъни ҳавфсизлик талабидан келиб чиқиб, ходимларнинг ётиб ишлашлари йўлга қўйилди. Бунинг учун барча шароитлар яратилгани иш унумдорлигига, ишчиларнинг кайфиятига ижобий таъсирини кўрсатяпти. Гигиена қоидаларига риоя этиш ва тана хароратини ўлчаб борилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган ва 3 маҳал иссиқ овқат йўлга қўйилган. Маҳсулот олиш учун келган автоуловлар дезинфекция қилиниб, сўнг ичкарига киришига рухсат берилади. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар вилоят аҳолисига тўла етказиб берилмоқда. Бу жараён давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган, - дейди корхона касаба уюшмаси раиси Эркин Қаҳҳоров.
Дарҳақиқат, “Наманган дон маҳсулотлари” очиқ турдаги акционерлик жамияти қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиб, апрел ойи учун сал кам 4 млрд. сўм, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бюджетга жами 7.5 млрддан зиёд солиқларни тўлаб келмоқда.
Пандемия даврида давлатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор фармонлар эълон қилинди. Бу эса ўз навбатида уларнинг фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни юмшатишга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятда айни пайтда пандемия сабаб фаолиятини тўхтатган 8559 та корхона ва ташкилотларнинг 1917 таси қайта иш бошлади.
Наманган вилоят ДСБ
Матбуот хизмати