Яқинда ОАВда солиқ органи тадбиркордан ноқонуний пул ундиришга урингани ҳақида мақола эълон қилинди. Унда келтирилишича “Zarafshon Golden Group” МЧЖ жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келгани ва бунга гўёки, солиқ органлари хатти-ҳаракатлари сабаб бўлганлиги келтирилган. Ушбу хабар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади:
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликларга қарамай, “Zarafshon Golden Group” МЧЖ таркибидаги бир неча субъектлар онгли равишда бюджетга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлашдан бош тортишга урингани маълум бўлган.
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Солиқ кодексининг 138-моддаси талабларига мувофиқ, камерал солиқ текшируви сегменти бўйича солиқ тўлашдан қочишга шубҳа қилинганлар рўйхатига тушган “Zarafshon Golden Group” МЧЖ таркибига қўшилган “Томди-Файз” шўъба корхонаси, “Томди Файз барка” МЧЖ, “Зарафшон овози” МЧЖ ва “Омад бизнес Зарафшон” МЧЖларда камерал текширув ўтказилиб, жами 4,3 млрд. сўм қўшимча солиқ ҳисобланган.
Солиқ органи томонидан камерал солиқ текширув натижаси бўйича солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида жамиятга 2020 йил 15 май ва 10 июнда Сўровнома юборилган.
Сўровномада келтирилган камчиликларга асос ёки қўшимча ҳисобланган солиқлар бўйича қайта ҳисобот тақдим этмаганлиги сабабли солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида 2020 йил 22 май ва 8 июлда жамиятга Талабнома юборилган.
Солиқ органининг 2 та талабномаси бўйича жамиятнинг 2020 йил 21 июлдаги 641-сон жавоб хатида, камерал солиқ текширувида қўшимча ҳисобланган 1,2 млрд. сўм тан олинган бўлиб, қолган 3,1 млрд. сўмга асослантирувчи ҳужжат тақдим этилмаган.
Солиқ органи томонидан текширув натижалари бўйича Солиқ кодексининг 165 ва 166-моддалари талабларига мувофиқ, жамиятга 4,3 млрд. сўм қўшимча солиқ ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда Солиқ кодексининг 121-моддасига мувофиқ мажбурий ундирувга қаратилган.
Жамиятнинг 2020 йил 29 июлдаги қўмитага ёзма мурожаатига мувофиқ, пандемия даврида солиқ тўловчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида, Солиқ кодексининг 231-моддасига асосланиб камерал текширув натижасида қўшимча ҳисобланган солиқларнинг мажбурий ундируви вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тамойилига асосан, “Zarafshon Golden Group” МЧЖнинг банк ҳисобрақамига қўйилган инкассо чақириб олинган. Бунда, бошқа ташкилотларнинг аралашуви бўлмаган.
Бугунги кунда, Давлат солиқ қўмитаси Раисининг шахсан назоратида қўмитанинг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимларининг жамият фаолияти бўйича ўтказилган камерал текшируви натижалари қайтадан кўриб чиқилмоқда.
Ўрганиш натижаси бўйича ҳолатга баҳо берилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида солиқ хизмати органлари имиджи тўлиқ хизмат кўрсатиш йўналишига ўзгарди. Бугун солиқ органлари тадбиркорни текширувчи эмас, унинг яқин ҳамкори, маслаҳатчиси сифатида иш олиб бормоқда. Инсофли солиқ тўловчилар буни ҳар жабҳада ҳис қилмоқда. Бу пандемия даврида, инсофли солиқ тўловчиларга ҚҚСдан ортиқча тўлов суммаларини қайтариб беришда, солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш масалаларида ҳам намоён бўлмоқда.
Давлат ва ҳукуматни атайин алдашга уринган корхона томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чоралар кўриш учун Прокуратура органига тақдим этилди.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, қонунлар устувор бўлган мамлакатимизда, ҳар қандай қонунбузилиш ҳолати учун жазо муқаррар.
ДСҚ Матбуот хизмати.