Давлат солиқ қўмитаси Халқаро валюта жамғармасининг экспертлари билан фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ҳозирги вақтда замонавий солиқ маъмуриятчилиги хусусиятларини муҳокама қилиш учун навбатдаги маслаҳат миссияси олиб борилмоқда. Бунда долзарб мавзулардан бири – ДСҚ тизимида комплаенс-рискни бошқаришни (CRM) ишлаб чиқиш ва жорий этишдир.
Онлайн тарзда ўтказилган учрашувда ДСҚ раиси Ш.Кудбиев, раиснинг биринчи ўринбосари М.Мирзаев, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиқлари ва мутахассислари иштирок этди. Халқаро валюта жамғармаси экспертлари мавжуд хатарларни таҳлил қилиш ва янада камайтиришни ҳисобга олган ҳолда солиқ тизимини узоқ муддатли стратегик режалаштиришга бағишланган тарғибот презентациясини тақдим этди.
“Комплаенс-рискни бошқариш (CRM) – бу норматив ҳужжатларга мувофиқ энг муҳим масалаларни ҳал этишда солиқ органларига ёрдам берадиган тизимли жараён. Бу солиқ тўловчиларнинг барча (тўртта) мажбуриятлари бўйича комплаенс-рискни аниқлаш орқали амалга оширилади” дейилади тақдимотда. Бу солиқ органларининг шахсий фаолиятини бошқаришдан тортиб, солиқ хизмати ресурсларини самарали тақсимлашга қадар бўлган кенг қамровли фаолият.
Иштирокчилар хатарларни камайтириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқиш масаласини кўтарди. У комплаенс-рискларни бошқариш (CRM) бўйича илғор тажрибаларга асосланган бўлиши керак: ташқи муҳитни таҳлил қилиш, солиқ декларациясидаги маълумотлар ва текширув натижалари, шунингдек солиқ тўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини ва уларнинг солиқларни тўлашга муносабатини ўрганиш.
Шу билан бирга, мутахассислар Давлат солиқ қўмитаси жамоаси эришган натижалар – солиқ маъмуриятчилигини янгилаш, IT-воситаларини фаол татбиқ этиш, бизнес-жараёнларига замонавий ва самарали ёндашувлардан ҳайратда эканлигини билдирди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон Банки экспертларининг таклифлари ва фикрларини мувофиқлаштириш муҳимдир.
Замонавий солиқ маъмуриятчилигига ўтиш – бу чуқур ўйланган стратегия ва онгли равишда халқаро тажрибани қўллашни талаб қиладиган йўл.
ДСҚ Матбуот хизмати