Ижарага берувчилар ижара объектлари ҳақидаги маълумотларни бепул жойлаштиради. Мижозлар дам олиш объектини масофадан туриб танлаши, банд қилиши ва улар учун тўловни амалга ошириши мумкин. Тўлов амалга оширилгандан сўнг, дам олувчининг электрон почтасига банд қилинганлик ҳақида хабарнома юборилади.
Дам олувчилар сайтда рўйхатдан ўтишлари керак, шундан кейин объектларни танлаши ва банд қилиши, шунингдек, уларни турли мезонлар бўйича баҳолаб, шарҳлар қолдириши мумкин.
Платформада жойлаштирилган маълумотларнинг барчаси ишончли. Объектларнинг orom.uz сайтида мавжудлиги уларнинг қонуний фаолияти исботидир.
Сайтнинг қулай навигацияси тўлиқ филтрлаш орқали, асосий имтиёзлар – молиявий, маиший ва бошқа мезонлардан келиб чиқиб, дам олиш учун мос жойни қисқа вақт ичида топиш имконини беради.
Ушбу хизмат Давлат солиқ қўмитаси томонидан маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказиладиган солиқ тажрибаси доирасида ишлаб чиқилган.
Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сонли қарорини тушунтириш орқали бу ҳақда маълумот берган эди.
Ҳужжат истеъмолчилар – инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Тажриба доирасида барча кўчар ва кўчмас мулк объектлари ҳисобга олинади. Уларнинг эгаларига бепул сертификат (гувоҳнома) берилади.
Ҳисобга олиш жараёни Бўстонлиқ туманининг 23 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бошланди. Солиқ органлари мутахассислари дам олувчиларга хизмат кўрсатадиган фуқароларга солиқ тажрибаси мақсади ва механизмлари ҳақида тушунча бермоқда.
Бу ерда тўртта солиқ таянч пункти мавжуд бўлиб, уларга қарорда кўрсатилган ва солиққа тортилиши лозим бўлган кўчар ҳамда кўчмас мулк эгалари тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳозирги кунда orom.uz платформасида туризм хизматлари истеъмолчилари учун фойдали бўлган қўшимча маълумотларга эга 3400 дан ортиқ дам олиш объекти мавжуд. Унда объектларнинг тавсифи, фотосуратлари, харита бўйича жойлашуви (геолокация) ва ижара нархи кўрсатилади.
Муҳим! Aгар сиздан сайтда кўрсатилганидан фарқ қиладиган нархни тўлашингизни сўрашса, таклиф этилган дала ҳовли ёхуд бошқа объектнинг фотосурати ҳақиқий кўринишига мос келмаса, 1198 қисқа рақамига мурожаат қилинг.
ДСҚ Матбуот хизмати