Ҳозирда умумий ер майдони 551,5 кв.км. бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 122 минг 675 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг қарийб 70 фоизи ишга яроқли ёшда. У ерда бир қатор саноат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилган.
Аммо ҳудудднинг географик жойлашуви ва бошқа табиий омиллар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини кўрсатмоқда. Масалан, тумандаги жами саноат корхоналарининг бор йўғи иккитаси йирик корхоналар тоифасига киради. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари сустлиги сабабли Хўжайли тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида нисбатан паст кўрсаткичларни қайд этиб келмоқда.
Шу сабабли, жорий йил 2 октябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестицион салоҳиятини ошириш масалаларига Давлат солиқ қўмитаси раиси масъул этиб бириктирилди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев раҳбарлигида Хўжайли туманида ижтимоий, иқтисодий, коммунал соҳалар, маҳалла ва ёшлар ишларига жавоб берадиган тузилмалар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Жумладан, муаммоларни ўрганиб чиқиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раисининг махсус штаби ташкил этилди. Штаб учун алоҳида хона ажратилиб, барча зарур жиҳозлар, шу жумладан, интернет тармоғига уланган замонавий ахборот технологиялари воситалари билан таъминланди.
Туманда ижтимоий инфратузилма ривожлантирилади – маҳаллалар, кўчалар ободонлаштирилади, коммунал таъминот ва алоқа тизимлари сифати яхшиланади, мавжуд ижтимоий объектлар реконструкция қилиниб, янгилари барпо этилади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида ҳам чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, тадбиркорлик ривожлантирилиб, фаолияти тўхтаб қолган субъектлар қайта тикланади, янги саноат корхоналари ташкил этилиб, иш ўринлари сони оширилади. Бундан ташқари, инвестицияларни жалб этиш, хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилади.
ДСҚ Матбуот хизмати