Жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5178-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда қуйидаги чоралар назарда тутилган:
– ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларига мос жун йўналишларидаги майда шохли молларни кўпайтириш;
– озуқа базасини ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, улардан ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш;
– яйлов майдонларида табиий равишда ўсувчи каврак плантациялари захираларидан барқарор фойдаланиш;
Қарорда Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳамда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Бойсун туманлари жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилиши белгилаб қўйилди.
Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4984-сон қарорига мувофиқ ажратилган 200 миллиард сўм маблағ ҳисобидан:
– ихтисослаштирилган туманларга республика иқлимига мос жун йўналишидаги майда шохли моллар импорт қилинади;
– яйловларда озуқабоп экинларни етиштириш ҳажми ва ем ишлаб чиқариш қувватлари оширилади, жун қирқиш ва йиғиш шохобчалари ташкил этилади;
– жунни қайта ишлаш қувватлари ташкил этилади ҳамда аҳоли жунни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида ҳунармандчиликка ўргатилади.
– пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш.
Шунингдек, ҳужжат билан ҳунармандчилик асосида қўлда шойи матолар, шу жумладан, аъло бахмал тўқиш ҳажмини ошириш ва тўқилган матоларни республикада кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 2021-2025 йилларда пиллачилик кластерлари томонидан тутзорларда ҳамда пахта ва ғалла майдонлари атрофида тут кўчатларини экиш прогноз кўрсаткичлари белгиланди.
Шунингдек, қарор билан, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.
Қарор билан иккита ташкилот номи ўзгартирилди:
– Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси – Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси;
Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси – “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва унинг таркибидаги корхоналарнинг 2022 йилда етиштириладиган пилла (тирик пилла) харид нархи 10 фоизга оширилади.