Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги "Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш туғрисида"ги ПФ-84-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил қилинди.
Қарор билан,
- Департамент Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда
2025 йил 1 январга қадар қуйидаги ахборот тизимлари амалда жорий этилади:
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ахборот тизими;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими;
истеъмол ва техник этил спирти ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини марказлаштирилган тарзда мониторинг ва назорат қилиш имкониятига эга геоахборот тизими.
- Департамент Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда 2025 йил 1 январга қадар истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарида реализация қилинган этил спирти ҳамда ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотлари миқдорининг онлайн ҳисобини юритадиган электрон ҳисоблагичларга мувофиқлик сертификатини бериш ҳамда ўлчов ускуналарининг ҳисобга олиш ахборот тизимига интеграция қилинади ҳамда ҳисобга олиш ахборот тизими билан интеграция қилинмаган ва ахборот (маълумот) берилиши таъминланмаган тақдирда, истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун берилган лицензия бекор қилинади;
- Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги, "Асл белгиси" ахборот тизими оператори билан биргаликда икки ой муддатда:
"Асл белгиси" ахборот тизими маълумотлари асосида рақамли маркировкаланган маҳсулотларни тизимга киритиш, уларнинг ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда таҳлил ва назорат қилиш имконини берувчи дастурий маҳсулотни ишлаб чиқади.
Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган рақамли маркировкаланган маҳсулотларни ҳисобини тўғри юритиш ҳамда маҳсулотлар ҳаракати занжирини ахборот тизимида тўлиқ ва ҳаққоний акс эттириш;
- маҳсулотлар ҳаракати занжирини ахборот тизимида тўлиқ ва ҳаққоний акс эттириш мақсадида рақамли маркировкаланган маҳсулотлар айланмаси иштирокчиларининг аниқ фаолият манзили, шу жумладан, маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва реализация қилиш манзиллари ҳисобини тўғри юритиш;
- шубҳали ҳолатларни аниқлаш ва бундай маълумотларни солиқ органларига автоматлаштирилган тарзда тақдим этиш.
- Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда лицензия (рухсат этиш, хабарнома ҳужжати), рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалар мавжудлиги, "Асл белгиси" ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлиги ҳамда рақамли маркировка кодлари тўғри акс эттирилишини электрон ҳисобварақ- фактурада автоматик текшириш тизимини жорий этилади.