Дунёда кузатилаётган пандемия сабабли юзага келган карантин шароитида экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бугун республикамиз Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган инқирозга қарши чораларнинг биридир.
Айни шу мақсадда, Давлат солиқ қўмитаси томонидан товарлар экспортига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ суммасини тадбиркорлик субъектларига қисқа вақт ичида қайтариш йўлга қўйилди.
Бухоро вилоятининг Олот туманида фаолият юритаётган “Mergan Teks” масъулияти чекланган жамияти 2020 йил январь-февраль ойларида 811,719 АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилганлиги натижасида ҚҚС бўйича ортиқча 3,2 млрд. сўм тўлов ҳосил бўлган.
Солиқ кодексиниг 21-моддаси талабларига асосан, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида тўлаб берилган ҚҚС корхонанинг амалга оширилган экспортига пропорционал тарзда 3,2 млрд. сўмлик ҚҚС солиғи қайтариб берилди.
Тўғрисини айтиш керак, айни карантин вазиятида бизга қайтарилган ушбу маблағлар корхонамиз фаолиятининг барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди, дейди - “Mergan Teks” МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев. – Айни кунларда корхонамизда иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда давом эттирилмоқда. Ҳукуматимизга раҳмат, менга ўхшаган тадбиркорлар яратилган бундай имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимизни янада ривожлантиряпмиз.
Рақамлар билан айтадиган бўлсак. Бухоро вилояти бўйича Давлат солиқ қўмитаси мутахасисслари томонидан 34 та ҳолатда тақдим этилган аризалар тўлиқ кўриб чиқилган бўлиб, шундан 25 та ҳолатда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган 16,4 млрд. сўмлик пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамига қайтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ вилоятимиздаги жами 69 та меҳмонхоналарнинг 803,6 млн. сўмлик мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати кечиктирилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги жами 607 турли соҳадаги тадбиркорлик субъектларидан умумий ҳисобда 4 448,8 млрд. сўмлик солиқларни тўлаш муддатини кечиктириш юзасидан келиб тушган мурожаатлар Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда солиқ тизимида амалга оширилган солиқ ислоҳотлари натижасида солиқ органлари фаолияти тубдан ўзгарди. Солиқ хизмати инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкорига айланди. Айниқса, бугунги мураккаб карантин даврида бу қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳар-бир ҳалол солиқ тўловчи дилдан ҳис этмоқда.
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати