Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, коронавирус пандемияси сабабли жаҳон иқтисодиётидаги йўқотишлар 2 трлн. АҚШ долларини ташкил қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда мазкур инқирознинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш бўйича барча зарур чоралар кўриляпти.
Жумладан, Президентимиз томонидан пандемия шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид учта Фармон (ПФ-5969, ПФ-5978, ПФ-5986) имзоланди.
Ушбу ҳужжатларда берилган солиқ имтиёзлари ва енгилликларидан фойдаланиш тартиблари ҳақида 29 апрель куни Norma.uz ҳуқуқий-ахборот портали орқали видеоконференция бўлиб ўтди.
"Давлат тадбиркорлик субъектларини қандай қўллаб-қувватламоқда" мавзусида ўтказилган видеоконференцияда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин МИРЗAЕВ ва Молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТAНОВ ҳамда 30 га яқин кузатувчилар иштирок этди.
Мубин МИРЗAЕВнинг таъкидлашича, карантин даврида фойдаланилмай турган бўш майдонларга эга 20 267 та субъектга давлат солиқ хизмати органлари томонидан 1,1 трлн. сўмлик юқори ставкаларда солиқлар ҳисобланиши, ундирилиши ва кечиктирилган кунлар учун пеня ёзилиши тўхтатилди.
Шунингдек, Президентимизнинг ПФ-5978-сонли фармони билан пандемия фаолиятига салбий таъсир қилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 1 октябргача айрим солиқлар тўланишини фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкони берилган эди. 27 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган ПФ-5986-сонли Фармон билан ушбу муддат 2020 йил 31 декабргача узайтирилди.
Тадбиркорлик субъектлари бундай имкониятлардан фойдаланишлари учун тез фурсатларда зарур шароитлар яратилди. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асосида жорий йилнинг 27 апрелига қадар ваколатли органлар томонидан 71 млрд. 854,8 млн. сўмлик солиқларнинг тўлаш муддатлари ўзгартирилди.
Бундан ташқари, солиқ хизмати органлари 2 542 та субъектларга 2020 йил 1 октябргача ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун 717,0 млрд. сўмлик жарималар қўлланилмаслиги тўғрисида уларнинг шахсий кабинетига электрон хабарлар юборди.
Ушбу даврда вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича пенялар ҳисобланиши ва солиқ қарзларини мажбурий ундириш чоралари ҳам тўхтатилди.
Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 95,1 мингта якка тартибдаги тадбиркорларга 51,7 млрд. сўм даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди.
Видеоконференция давомида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва бошқа солиқларнинг имтиёзли тартибини қўллаш бўйича мавжуд ўзгаришлар батафсил тушунтирилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоб олди.
ДСҚ Матбуот хизмати.