Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш давом этмоқда. Навбатдаги босқич – Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган маҳсулотларнинг Ягона электрон каталогини жорий этиш. Ушбу долзарб мавзудаги қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган маҳсулотларнинг Ягона электрон каталогини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси товарлар ва хизматлар ҳисобини тизимлаштириш, маҳсулотлар ҳаракати ва таъминот занжирини таҳлил қилишга йўналтирилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Кутилаётган натижалар – яширин сектор бўйича кенг қамровли статистик маълумотларни шакллантириш, истеъмол нархлари статистикасини такомиллаштириш, замонавий бошқарув усуллари ва ахборот ресурсларидан фойдаланган ҳолда назорат жараёнларини автоматлаштириш.
Каталог учун жавобгарлик, киритилган ахборотларни шакллантириш, маълумотларни мунтазам янгилаб бориш, фойдаланувчиларига техник ёрдам кўрсатиш ва Каталогни расмий веб-сайтига жойлаштириш ДСҚга юклатилган.
Ҳужжатда бир неча таклифлар илгари сурилмоқда:
– Асосий турдаги маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг жадвал кўринишидаги ягона электрон каталоги (885 та ном киритилган). Унда маҳсулотлар ва хизматлар тартиб рақами, гуруҳ тавсифи, синф тавсифи ва асосий бирликлар келтирилган.
– Товарлар ва хизматларни таснифлаш қоидаларини, шунингдек, Каталог юритиш тартибини белгилайдиган “Маҳсулотлар (товарлар, хизматлар)нинг Ягона электрон каталогини юритиш тўғрисида”ги Низом.
– “Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом. У шартномалар реестрини шакллантириш тартибини, унинг иштирокчилари ҳуқуқ ва мажбуриятларини, каталог юритишнинг асосий қоидалари(электрон идентификатор ёки ягона ID рақами, электрон шартнома тўғрисида маълумот олишга имкон берувчи QR код) тартибини белгилайди.
Режада муҳим вазифалар:
– электрон ҳисобварақ-фактураларида маҳсулотларнинг унификациялашган номлари ва Ягона электрон каталогда рўйхатга олинган маҳсулотлар ва хизматлар учун идентификация кодларининг автоматлаштирилган тарзда акс этилишини жорий қилиш. (2021-йил 1 февралдан)
– онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимига маҳсулотлар ва хизматлар учун идентификация кодларини интеграция қилиш. (2021 йил 1 мартга қадар)
Лойиҳага кўра, тадбиркорлик субъектларининг халқаро тизимда штрих-кодларни олиш учун йўналтирилган маблағлар миқдори солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади. Бу 2021 йил ва кейинги йиллар учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда Молия вазирлиги томонидан таъминланади.
Товарлар ва хизматлар таснифини жорий этиш, халқаро штрих-код тизимидан фойдаланиш бизнес-жараёнларни тезлаштириш ва осонлаштиришга хизмат қилади, шу жумладан электрон тижоратни ривожлантириш учун солиқ хизматлари ва бошқа давлат идоралари томонидан маълумотларнинг муҳим ҳажмларини қайта ишлашга катта ёрдам беради.
Лойиҳа ўзбек тилида жойлаштирилган. 2020 йил 2 октябргача ўзгартиришлар, қўшимчалар ҳақида таклиф қилиш ёки шарҳ қолдириш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати