Фуқаролик кодексининг 603-моддасига асосан уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади ва ушбу шартномалар солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 615-моддасига асосан уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви асосида бекор қилинади.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси белгиланган муддатдан икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган, уй-жой вайрон қилинган ва уй-жойдан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланилган ҳолларда ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 22-сентябрдаги 595-сон қарори 3-бандига асосан 2022-йил 1-январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари “Е-ижара” электрон хизмати ёки “Солиқ” мобил иловаси орқали фақат электрон шаклда солиқ органларида ҳисобга қўйилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 2-апрелдаги 150-сон қарори 1-иловаси тасдиқланган Регламентнинг 1-иловасида келтирилган намунавий шаклга мувофиқ ёки қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган шаклда кўчмас мулк ижара шартномаси тузилиши белгиланган.
Мазкур Регламентнинг 14-бандига мувофиқ тарафларнинг келишувига биноан ёки қонунчиликда белгиланган тартибда ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан “Е-ижара” ахборот тизими ёки “Солиқ” мобил иловаси орқали реал вақт режимида ҳисобдан чиқарилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, кўчмас мулк ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйишда ижара шартномаси ҳам, бекор қилишда икки томонлама келишув ҳам ёзма (қоғоз) шаклда тузилган бўлиши лозим ҳамда шу ҳужжатлар асосида ижара шартномаси ҳисобга қўйилади ва ҳисобдан чиқарилади.
Агар ижарага берувчи томонидан икки томонлама келишув тузмаган ҳолда ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобдан чиқарилган тақдирда, ижарага берувчининг хатти-ҳаракатлари устидан ижарага олувчи суд органларига мурожаат қилиши мумкин бўлади.
А.Махмудов,
Солиқ қўмитаси Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи маъмуриятчилиги
бошқармаси бўлим бошлиғи