Ҳозирги вақтда қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қоплаш (қайтариш) жараёни сезиларли даражада соддалаштирилган.
Биринчи босқичда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза юборилади:
– ҳудудий давлат солиқ бошқармаларига;
– Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспексиясига.
Иккинчида босқичда аризалар кўриб чиқилади:
– 60 кундан кечиктирмай (барча тоифадаги ҚҚС тўловчилари учун).
– 7 кундан кечиктирмай:
✅ йирик солиқ тўловчилар;
✅ дипломатик ваколатхоналар;
✅банк кафолатига эга шахслар;
✅экспортчи корхоналар;
✅маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“0” ставка);
✅солиқ мониторинги иштирокчиларига ҚҚСнинг ортиқча суммаси қайтарилади.
Йил бошидан буён давлат солиқ органларига 5 584 та ариза келиб тушди. Молия вазирлигига қаноатлантириш учун 2 500 дан зиёд ариза юборилди. Ҳудудлар кесимида қаноатлантирилган ва Молия вазирлигига тақдим этилган жами хулосалар Хоразм вилояти (602), Тошкент шаҳри (476), Тошкент вилояти (171) ва Наманган вилоятида (167) бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ. Шунингдек, 145 та йирик солиқ тўловчиларга ҳам ортиқча ҚҚС суммалари қайтарилди. Умумий ҳисобда солиқ тўловчиларга 4,4 трлн. сўмдан зиёд маблағлар қайтарилди.
Қайд этиш лозимки, хўжалик юритувчи субъектлар учун қайтарилаётган ҚҚС суммаси – бу фаолиятни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва рақобатбардошликни таъминлаш имкониятидир. Бир сўз билан айтганда, ҚҚСни қоплаш (қайтариш)нинг янги тартиби янги истиқбол сари йўл очади.
Ҳужжатларида хато-камчиликлари аниқланган аризаларнинг 40 фоизи мурожаатчиларга қайтарилди. Бунда тадбиркорлик субъектлари камчиликларини тузатиб, ҚҚС суммасини қоплаш учун қайта ариза юбориш ҳуқуқига эга.
ҚҚСнинг ортиқча сумасини тезкор ва ўз вақтида қайтарилиши туфайли хўжалик юритувчи субъектлар айланма маблағлари ҳажмини ошириб, капиталини янада самарадорликка йўналтирмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати