ДСҚ томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Мақсад – контрабанда ва контрафакт маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, алоҳида турдаги маҳсулотларни қонуний айланишини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Лойиҳада 2020-2022 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланмоқда.
Қарор билан Давлат солиқ қўмитасига қуйидаги ваколатлар берилмоқда:
– маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш ва уларни жорий қилиш муддатларини белгилаш;
– маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш мақсадида, маркировкалаш бўйича ихтиёрий экспериментларни амалга ошириш.
Маҳсулотларни мажбурий маркировкалашнинг муваффақиятли синов лойиҳаси (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги “Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 944-сон қарори) натижалари асосида жорий этилмоқда. Тажриба доирасида маркировкаланган сигарет қутиси ишлаб чиқариш ва тамаки маҳсулотларини кузатиб бориш механизми ишга туширилди. Алкоголь маҳсулотлари учун синов тариқасида маркировкаланган ёрлиқлар ишлаб чиқарилди, маркировкалаш ахборот тизимининг таркибий қисмлари ўрнатилди, маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Лойиҳада ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган. Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш маҳсулот, ёрлиқ ёки бошқа материалга нисбатан қўлланилади.
2020 йил 1 декабрга қадар “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими жорий қилинади. (Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда)
Маркировкаланмаган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича жамоатчилик назорати ҳам жорий этилмоқда. Бу лойиҳада аниқ қайд этилган: маҳсулотларни идентификация қилиш воситалари орқали мажбурий маркировкалаш тўғрисидаги талабларга мувофиқ бўлмаган маҳсулотларни муомалага киритилиши, муомалада бўлиши ва муомаладан чиқарилиши қонунбузилиш деб ҳисобланади ва кейинчалик жавобгарлик чораларини қўллашга сабаб бўлади.
Мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш бўйича барча чора-тадбирлар давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилади. Давлат солиқ қўмитаси ушбу лойиҳа Концепциясини кўриб чиқмоқда (айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги).
Вазирлар Маҳкамаси мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга маркировка кодларини тақдим этиш юзасидан хизматларни кўрсатиш учун ягона тўлов (тариф) миқдорини белгилайди. Ушбу орган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиш тартибини ҳам тасдиқлайди. Кейинги босқичида дори воситалари ва тиббий буюмлар, сув ва салқин ичимликлар ҳамда маиший техникалар маркировкаланади.
Ҳужжат икки тилда (ўзбек ва рус) жойлаштирилган. Фикр, таклиф ва мулоҳазаларни 15 октябргача қолдириш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати