Коронавирус пандемияси шароитида масофадан туриб ишлашни ташкил этиш аҳоли ва корхоналар учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис электрон ҳисобварақ-фактуралар хизматидан фойдаланишингизни тавсия қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 522-сонли қарорига биноан 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш мажбурий ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 47-моддасида товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақ-фактурани электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда бериш тартиби белгиланган.
2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлари ушбу тартибларга мувофиқ товарларни (хизматларни) сотиш ва сотиб олишда ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш ва қабул қилиши мажбурий.
Бугунги кунда республикамизда 16 та электрон ҳисобварақ-фактура оператори мавжуд. Эслатиб ўтамиз, soliqservis.uz ЭҲФ оператори бепул хизмат кўрсатиш муддатини 1 майгача узайтирди. Солиқ тўловчилар ўз хоҳишларига кўра ЭҲФ операторини танлаш ҳуқуқига эга.
Карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш ва фуқароларнинг бошқалар соғлиғи учун жавобгарлиги тўғрисида хабардорлиги инфекциянинг оммавий тарқалишини олдини олади. Электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар, шартномалар ва ишончномалардан фойдаланиш бунга ёрдам беради.
Рақамлаштириш ва масофадан ишлаш имконияти – давр талаби!
ДСҚ Матбуот хизмати.