Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган «Мўътабар аёл» кўкрак нишони ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида ушбу нуфузли кўкрак-нишонининг бу йилги совриндорлари номи маълум бўлди. Қувонарлиси, улар орасида давлат солиқ хизмати органларида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган Азодхон Каримова ҳам бор. Каримова Азодхон Алимовна 1957 йил 24 март куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий. Ўз меҳнат фаолиятини 1975 йилда бошлаган.
А.Каримова Солиқ хизматининг II даражали маслаҳатчиси.
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони соҳибаларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда Азодхон Каримовага ушбу нуфузли кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева топширди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу мукофот жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга берилади.
ДСҚ Матбуот хизмати