Давлат солиқ қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Трансферт нархини белгилашда солиқ назорати ва норезидентларни солиқ солиш маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси қуйидагиларни тасдиқлаш мақсадида ишлаб чиқилди:
· Хорижий шахсга даромадни тўланганлиги юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тўғрисидаги низом;
· Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса сифатида рўйхатдан ўтган норезидент-юридик шахснинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини чегириб ташлаш тартиби тўғрисидаги низом;
· Чет эл давлатнинг резиденти билан ташқи савдо шартномаларига нисбатан нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш тартиби ҳақидаги низом;
· Назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома шаклларини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом;
· Солиқ солиш мақсадларида нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддатларини узайтириш асослари ва тартибини белгилаш тўғрисидаги низом;
· Назорат қилинадиган битимлар амалга оширилганлиги муносабати билан солиқ текширувини ўтказиш муддатини узайтириш асослари ва тартибини белгилаш тўғрисидаги низом;
· Офшор юрисдикциялар рўйхати.
Ушбу лойиҳа янги таҳриридаги Солиқ кодекси низомларини комплекс равишда амалиётга татбиқ этишни таъминлаш, шунингдек трансферт нархини белгилашда солиқ назорати ва норезидентларни солиқ солиш маъмуриятчилигининг самарали тизимини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, қарор билан чет эллик шахсга даромад тўланганлиги юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тартиби ва шакли тасдиқланади.
Лойиҳада солиқ органлари солиқ қонунчилигига мувофиқ назорат қилинадиган битимлар тўғрисида солиқ тўловчиларни хабардор қилиш тизими жорий этилиши кўзда тутилган.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалари орқали фаолият кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини аниқлаш қоидаларини соддалаштиради.
Лойиҳа билан трансферт нархларини белгилашни қўллаш мақсадида офшор юрисдикциялар рўйхати тасдиқланади, шунингдек, ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларнинг солиқ маъмуриятчилигини ва трансферт нархларни белгилашни назорат қилиш тартибга солинади.
ДСҚ Матбуот хизмати