Аввал таъкидлаганимиздек, мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин шароитида Республика махсус комиссияси топшириғига кўра, нарх-навони асоссиз равишда ўсишини олдини олиш бўйича Давлат солиқ хизмати органларининг барча тузилмаларида ШТАБлар ташкил этилган. Уларга доимий асосда ишлаш учун 2700 нафарга яқин ходимлар сафарбар қилинди.
Нахларнинг асоссиз оширилишига йўл қўмаслик учун 37 мингта савдо объектлари бўйича доимий назорат ўрнатилган.
Яна 360 та деҳқон бозорларида солиқ идоралари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, ҳудудий ҳокимлик ва бозор маъмурияти вакилларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи Ишчи гуруҳлар назорат олиб бормоқда.
Солиқ хизмати ходимларининг бозорлар, чакана савдо дўконларидаги назорат-профилактика тадбирлари бўйича фаоллиги асло пасайгани йўқ.
Фуқаролар зарур озиқ-овқат ва бошқа бирламчи истеъмол маҳсулотларининг нархлари асоссиз оширилишига дуч келганда ДСҚнинг 7/24 режимда ишловчи “Ишон телефони” – (71)244-98-98) ва “Call-маркази” – (1198)га мурожаат қилиб, адолат қарор топишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Ушбу мурожаатларда фуқаролар асосан картошка, ун, ёғ, шунингдек, бошқа озиқ ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг нархидан норозилигини билдирмоқда.
Айтиш жоиз, карантин бошидан буён ўтказилаётган тадбирлар натижасида мурожаатлар сони кескин пасайиши кузатилмоқда.
Ҳозирда мурожаатлар келиши карантиннинг илк кунларига нисбатан деярли 3 баробарга камайган.
Жорий йил 20 апрель ҳолатига ДСҚ ишонч телефони ва call-марказига келган мурожаатлар жами 23 854 тани ташкил этмоқда.
Жумладан, 12 366 та ҳолатда аҳоли картошка нархининг оширилишидан норозилигини билдирган. Ун нархи ошиб кетганлиги бўйича 8 892 та мурожаат келган. Ёғнинг нархи асоссиз оширилиши борасида эса мингдан зиёд шикоятлар қабул қилинган. Бундан ташқари, зарур тиббий маҳсулотлар ва антисептик воситалар бўйича 3 284 маротаба мурожаат қилинган.
Мазкур ҳолатлар тўлиқ қамраб олиниб, уларнинг 90 фоиздан зиёди жойида ҳал этилган. Қолган ҳолатлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги 19-20 апрель кунлари нархлар оширилиши бўйича энг кўп шикоят Самарқанд вилояти аҳолиси томонидан билдирилган – 181 та. Тошкент вилояти (157 та) ва Қашқадарё вилоятидан (106 та) ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ мурожаат келиб тушган. Бу борада энг кам мурожаат Сирдарё вилоятидан – 15 та келган. Шунингдек, Андижондан 22 та ва Навоийдан 23 та мурожаат келган.
Тадбирлар давомида ноқонуний савдо билан шуғулланиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Аксарият ҳолларда айнан ноқонуний савдо билан шуғулланаётган фуқаролар нархларни асоссиз ошираётгани маълум бўляпти.
Бундай ҳолларда солиқ хизмати ходимлари уларга нисбатан фаолиятини қонунийлаштириш, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда савдо билан шуғулланиш бўйича керакли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бормоқда.
ДСҚ матбуот хизмати.