Озиқ-овқат ва зарур тиббий воситаларнинг нархини сунъий равишда ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Асака тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирида «Асака туман деҳқон бозори» ҳудудида Асака тумани Ниёзботир МФЙда яшовчи фуқаро И. Б ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан 3 хилдаги жами 941 килограмм (картошка, пиёз, сабзи) умумий баҳоси 3 924 500 сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотаётганлиги аниқланди.
Ҳудди шунингдек, Бектемир тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан «Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» АЖ худудида ўтказилган назорат тадбирида Наманган вилояти, Чуст туманида туғилган фуқаро С. Ф. томонидан 115 кг умумий қиймати 471,5 минг сўмлик картошка маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Ҳар икки ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ноқонуний савдога қўйилган маҳсулотлар масала қонун доирасида ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик олиб қўйилди.