Маҳсулот харид қилганимизда ёки бирон бир хизмат туридан фойдаланганимизда товар ёки кўрсатилган хизмат учун назорат-касса чеки берилишига кўп ҳам аҳамият бермаймиз. Ваҳоланки, бу ҳар бир истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи.
Ундан фойдаланмаслик тадбиркорлик субъектлари орасида носоғлом рақобат муҳити шаклланиб, “яширин иқтисодиёт”га йўл очилишига сабаб бўлишини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Зеро, Президентимиз айтганидек “Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди.”
Харид чеки талаб қилинса...
Харид қилинган товар ёки кўрсатилган хизмат учун ҳар бир истеъмолчи томонидан чек талаб қилинса, хуфёна иқтисодиёт улуши қисқариши баробарида, солиқлардан бўйин товлаш ҳолатлари камайиб, бюджет тушумлари ошиб боради. Натижада мамлакат иқтисодиёти ривожланади. Шунингдек, жамоатчилик назорати кучайиб, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатланади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан назорат-касса аппаратларини қўллаш тартиби, истеъмолчиларга товар ёки кўрсатилган хизмат учун чек бермаслик нималарга олиб келиши ва шунга оид бошқа саволларга ДСҚ жавоб беради.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг назорат-касса машинасини қўллаш тартиби қандай?
Ўзбекистон ҳудудида товарларни сотиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда истеъмолчи билан пулли ҳисоб-китоблар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини мажбурий тартибда қўллаган ҳолда амалга оширилиши шарт. (ВМҚ 306-сон 17.11.2011 й.)
Бунда, хўжалик юритувчи субъектлар истеъмолчи томонидан харид қилинган ҳар бир товар (хизмат) учун ундан нақд пул қабул қилганда уни тасдиқловчи чекни мажбурий тартибда бериши керак.
Демак ҳар бир савдо объекти ёки хизмат кўрсатиш нуқтаси фаолиятига НКМ жорий этиши ва нақд пулда амалга оширилган ҳар бир тўлов учун назорат-касса машинаси чеки бериши шарт.
Мамлакат ҳудудида хўжалик юритувчи субъектларга фақат ДСҚ томонидан шакллантириладиган Давлат реестрига киритилган назорат-касса машиналари моделларидан ва уларнинг дастурий маҳсулотларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Давлат реестрига киритилмаган, назорат-чек лентаси мавжуд бўлмаган ёки қурилма солиқ органларида рўйхатдан ўтказилмаган тақдирда назорат-касса машинасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Назорат-касса чекларида қандай маълумотлар бўлиши керак?
Назорат-касса чекларида қайд этилиши лозим бўлган маълумотлар ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 306-сон қарорида белгиланган.
Унга кўра, сотиб олинган товарлар (бажарилган ишлар) ва кўрсатилган хизматлар учун харидорларга бериладиган касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
а) солиқ тўловчининг – хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва идентификация рақами;
б) тўлов суммаси;
в) товарлар ва хизматлар номи;
г) тўлов санаси ва вақти;
д) назорат-касса машинасининг завод рақами;
е) чекнинг тартиб рақами;
ж) фискал режим белгиси.
Касса чекларида қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин.
Шунингдек, фискал назорат-касса машиналари қўлланилганда иш куни охирида кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтари мажбурий тартибда тўлдирилган ҳолда ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш шарт.
Қабул қилинган нақд пул миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъект томонидан камида беш йил сақланиши лозим.
Харид чеки берилмаганда кимга мурожаат қилиш керак?
Товар сотиб олганда, бирор хизмат туридан фойдаланганда назорат-касса машиналари чеки тақдим этилмаса ёки сохта чек тақдим этилса, истеъмолчилар ўша ҳудуддаги давлат солиқ органига мурожаат қилиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим.
Шунингдек, фуқаролар Давлат солиқ қўмитасининг 7/24 режимда ишловчи (71) 244-98-98 рақамли “Ишонч телефони” орқали мавжуд ҳолат юзасидан шикоят йўллашлари мумкин. ДСҚ “Ишонч телефони” орқали келиб тушган ҳар бир мурожаат қатъий тартибда назоратга олинади. Назоратга олинган ҳолат ўрганилиб, натижалари бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Ўрганишлар натижаси юзасидан мурожаатчининг хоҳишига кўра, ёзма ёки оғзаки жавоб берилади. Бунда, қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатчининг шахси сир сақланади.
Чек бермаган ёки сохта чеклардан фойдаланган тадбиркорлик субъектини нима кутади?
Ҳар бир хўжалик юритувчи субъекти учун назорат-касса техникаси ёки ҳисоб-китоб терминалларини қўллаган ҳолда фаолият юритиш, истеъмолчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бериш мажбурийдир.
Солиқ кодексининг 221-моддасига асосан бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилиш, хизмат кўрсатиш, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этиш - беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шу каби, солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаш, харидорга унинг квитанцияси, талони, чеки ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни берган ҳолда савдо қилиш, хизмат кўрсатиш - етти миллион сўм миқдоридаги жарима белгиланган.
Бошқа шахслар номига расмийлаштирилган, техник талабларга мувофиқ бўлмаган, хизмат кўрсатиш дастури бузилган ҳисоб-китоб терминалларидан ёки назорат-касса техникаларидан фойдаланиш эса йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бугун фискал хотирали НКМдан ташқари, Онлайн назорат-касса машиналари ҳам кенг қўлланилмоқда. Унинг авзаллиги нимада?
Бугун ҳеч бир соҳани замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Давлат ривожи, халқ фаровонлигида катта аҳамият касб этувчи бозор муносабатларини тартибга солишда ҳам унинг ўрни беқиёс. Онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса ана шундай муҳим воситалардан бири саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни қўллаш орқали харид чеки бермаслик ҳолатларини олдини олиш ҳамда уларни онлайн кузатиш назарда тутилган.
Ҳозирда Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларини онлайн-НКМ билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
Ташаббускор тадбиркорларга имтиёз берилади
Фармонда 2020 йилда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субеъктлари учун уни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасини кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилади. Бунда, камайтириш миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак.
Таъкидлаш лозимки, бундай имтиёз фақат 2021 йил 1 январгача амал қилади.
Онлайн-НКМ ким учун қулай: тадбиркор ёки истеъмолчи?
Онлайн-НКМнинг жорий этилиши харидорга ҳам, сотувчига ҳам бирдай қулайлик яратади. Унинг чекларида харид қилинган маҳсулотлар (хизматлар) рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами акс эттирилади. Бундан ташқари, QR-код ёрдамида чекдаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти ҳам бўлади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъекти учун товар айланмаси ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолади. Бир сўз билан айтганда, ортиқча қоғозбозлик ва вақт сафрланишига барҳам беради.
Онлайн-НКМдан фойдаланиш мажбурийми?
Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида тадбиркорлик субъектларининг фаолият тури ва айланма маблағига кўра, онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиш муддатлари белгиланган.
Унга кўра, 2020 йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиши белгиланган.
2019 йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектларидан эса жорий йилнинг 1 августига қадар ушбу қурилмалардан фойдаланишни йўлга қўйиши талаб этилади.
Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2021 йил 1 январь этиб белгиланган.
Қолган барча тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиши лозим.
Акс ҳолда бу қонунбузилиш ҳолати сифатида қайд этилиб тадбиркорлик субъектига нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар, Сизга кўрсатилган ҳар бир хизмат ёки харидингиз учун чек олишни унутманг! Сиз бу орқали истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқингизни таъминлаш билан бирга, “яширин қитисодиёт”га қарши курашишга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
ДСҚ Матбуот хизмати