2019 йил 17 декабрь куни Давлат солиқ қўмитасида “Ҳалоллик ва шаффофлик – солиқ тўловчилар ишончининг гарови” мавзусида журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда бугунги кунда солиқ
тизимидаги долзарб йўналишлар таҳлил қилинди.
Хусусан, давлат солиқ хизмати
органлари томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ва эришилган
натижалар;
янги таҳрирдаги Солиқ кодексига
асосан 2020 йил 1 январдан амалга киритилаётган асосий ўзгаришлар;
ребрендинг ўтказилгани боис
эндиликда солиқ хизмати органлари янги қиёфада намоён бўлиб, сервис кўрсатувчи
идорага айланаётгани;
коррупцияга қарши курашиш бўйича
олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти
ҳамроҳлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ДСҚ ҳузуридаги
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси фаолияти
билан яқиндан таништирилди. Инспекция жамоаси олдига қўйилган вазифалар,
фаолият йўналиши, истиқболдаги режалар ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг ДСҚ раҳбарияти
журналистлар ва блогерлар билан бир давра атрофида йиғилиб, тадбир интерактив
усулда давом эттирилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда ДСҚ
фаолиятининг устувор йўналиши инсон омилини қисман ёки бутунлай истисно
қиладиган махсус дастурий маҳсулотларни яратишга қаратилган.
Шу боис 2020 йил 1 январдан
мораторий бекор қилиниши билан бир вақтда, барча жойда шаффофлик ва ошкораликни
таъминлаш учун хавфни таҳлил қилишнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Ушбу тизим мустақил равишда
ташқи аралашувларсиз, тадбиркорлар фаолиятини таҳлил қилиш ва солиққа оид
ҳуқуқбузарлик хавфини баҳолаш имконини беради.
Эндиликда солиқ органлари масъул
ходимлари ўзбошимчалик билан кимни текшириш ва қайси турдаги текширишни қўллаш
бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмаслар: ушбу жараёнларнинг барчаси инсон
омилидан холи бўлган автоматлаштирилган тизим томонидан бажарилади.
Хавфларни таҳлил қилиш дастурига мувофиқ,
амалдаги барча хўжалик юритувчи субъектлар маълум мезонлар асосида автоматик
равишда 3 сегментга – яшил, сариқ ва қизил йўлакларга бўлинади.
2020 йил 1 январдан бошлаб онлайн
назорат-касса машиналари ва виртуал касса аппаратлари босқичма-босқич жорий
этилади.
Бу савдо ва хизмат кўрсатиш
соҳасидаги ҳисоб-китобларни янада шаффоф ҳолга келтириш, яширин нақд пул
айланишини қисқартириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга.
2020 йилдаги яна бир муҳим
янгилик, 1 январдан бошлаб ўзаро ҳисоб-китоблар тизимига электрон
ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тартибда жорий этилаётгани билан боғлиқ.
Электрон
ҳисобварақ-фактуралардан
фойдаланиш қатор афзалликларга эга. Жумладан, ҳужжатлар алмашинуви жуда қулай ва хавфсиз бўлади,
солиққа тортиш ва ҳисоботлар жараёни шаффоф тарзда амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳозирда солиқ
тўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар устидан назорат олиб бориш тизими ҳам
жорий этилди.
Жойлардаги ҳуқуқбузарликларнинг
олдини олиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидаги давлат солиқ хизмати
органлари (200 та) фуқароларни қабул қилиш ва уларга қандай даражада солиқ
хизматлари кўрсатаётганини онлайн кузатиб бориш учун махсус камералар билан
жиҳозланди.
Очиқ ва юзма-юз мулоқот тарзида ўтган
матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга ДСҚ
раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоблар йўлланди.
Солиқ тўловчилар билан
муносабатларни янада яхшилаш юзасидан ўзаро фикр алмашилиб, анжуман
иштирокчиларининг таклифлари мамнуният билан қабул қилинди.
ДСҚ
Матбуот хизмати