Давлат солиқ қўмитаси онлайн назорат-касса машиналари (онлайн НКМ) ва виртуал касса чеклари ютуқли ўйинларини бошлайди.
Совринли ўйинларда иштирок этиш учун онлайн НКМ ёки виртуал касса билан жиҳозланган шохобчадан сотиб олинган маҳсулот (хизмат) учун QR кодли чек олиш лозим. Кейинги қадам – “SOLIQ” мобил иловаси ёрдамида чекнинг QR кодини сканер қилиш ёки 12 хонали фискал белгисини 1077 қисқа рақамига SMS тарзида юбориш. Чек муваффақиятли рўйхатдан ўтказилгач, Сиз ютуқли ўйин иштирокчисига айланасиз.
Онлайн НКМ чеки
Ютуқли чеклар бошқачами?
Бугунги кунда республка миқёсида турли савдо нуқталарида ўрнатилган 28,6 мингдан ортиқ онлайн НКМ ёки виртуал касса рўйхатга олинган. Уларнинг 4 мингдан зиёди Тошкент шаҳрида.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, “SOLIQ” мобил иловасида смарт касса ўрнатилган шохобчалар бўйича қидирув (геолокация) функцияси яратилди. Шунингдек, ҳар бир савдо нуқтасининг кассасида Онлайн НКМ ёки виртуал касса мавжудлиги тўғрисидаги маълумот акс эттирилган махсус стикер ёпиштирилмоқда.
Махсус стикер
Кимлар қатнашади?
Биринчи босқичда фақат Тошкент шаҳри истеъмолчилари иштирок этиши мумкин. Давлат солиқ қўмитаси ютуқли чек ўйинлари 2020 йил 29 октябрдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олади.
Агар ғолиблар орасида 18 ёшга тўлмаган ва муомалага лаёқатсиз жисмоний шахслар аниқланса, ютуқлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан вакиллигини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда олиниши мумкин.
Ғолиб бўлиш эҳтимоли харид миқдорига боғлиқ эмас. Чеклар сони ғолиб бўлиш имкониятини оширади.
Нима ютиш мумкин?
Ҳар бир тиражда қуйидаги ютуқлар ўйналади:
· 1 та автомобил Chevrolet Nexia 3;
· 3 та телевизор Artel;
· 3 та кир ювиш машинаси;
· 3 та кондицонер;
· 3 та газ плита;
· 3 та дазмол;
· 4 та велосипед.
Бунда ютуқ соҳиблари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод бўлади. Масалан, агар машинанинг нархи тахминан 80 миллион сўм бўлса, унда ғолиб деярли 10 миллион сўм даромад солиғини тўлаши керак. Шуни инобатга олиб, совғалар билан бир қаторда, ушлаб қолинадиган ва бюджетга ўтказиладиган даромад солиғи миқдорида пул мукофоти ҳам тақдим этилади.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар Сиз маҳсулот ёки хизмат учун чек беришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, солиқ органларининг “ишонч телефони” – (71) 244-98-98 га мурожаат қилинг. Солиқ органлари Сизнинг ҳуқуқингизни ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ, чек беришни рад этиш 5 миллион сўм жарима солишга сабаб бўлади.
Муҳим! Қимматбаҳо совринлар ўйинида чекнинг аслини бутун ҳолатда сақлаб қолган ҳақиқий эгаси иштирок этади. Яроқсиз ҳолдаги чек ёки унинг нусхаси ҳақиқий ҳисобланмайди. Бундай чеклар мукофот бериш учун асос бўлмайди.
Чекларни талаб қилинг, рўйхатдан ўтказинг, сақлаб қўйинг ва ютуқли ўйин иштирокчисига айланинг!
ДСҚ Матбуот хизмати