Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 736-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 943-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси Сайёр солиқ текширувлари бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедов тушунтириш берди.
Мазкур қарор билан онлайн-НКМлар фискал маълумотларни қоғозга чоп этишдан олдин текшириш ва экранда товарлар (хизматлар) номланишини акс эттиришни талаб қиладиган бошқа амалларни бажариш учун камида TFT LCD 800*480 сиғимли экранга эга бўлиши талаби бекор қилинди.
Шунингдек, қарорда кўчма савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қайси солиқ органидан рўйхатдан ўтказиши белгиланмаган эди.
Киритилган ўзгартиришларга асосан, кўчма савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар ўзлари рўйхатдан ўтган жой бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларидан мазкур Низом талаблари асосида рўйхатдан ўтказилиши белгиланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларини ортиқча сарф-харажатларини олдини олиш мақсадида, Техник хизмат кўрсатиш марказлари ва онлайн-НКМ (виртуал касса) ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан захирага қўйиладиган пул маблағлари суммаси икки бараварга камайтирилди.
Яъни, эндиликда онлайн-НКМ (виртуал касса) ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) корхоналар ваколатли органда рўйхатга олинган онлайн-НКМ ва виртуал касса сонидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан икки минг барваригача эмас, юз бараваридан минг бараваригача миқдорида маблағларни ваколатли органнинг махсус ҳисоб рақамига захирага қўяди.
Оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар тадбиркорлик субъектлари томонидан нақд ва нақд пулсиз кўринишда амалга ошириш мумкинлиги белигланди.
Аввалги тартибга кўра, тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал касса фискал модули учун тўловни оператор (“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази ДУК) ҳисоб рақамига фақат пул ўтказиш йўли билан амалга оширар эди. Бунда, тадбиркорнинг ҳисоб рақамида инкассо топшириқномалари мавжуд бўлганда ушбу суммани тўлай олмас эди.
Онлайн-НКМларга қўйилаётган талаблар такомиллаштирилади:
онлайн-НКМлар техник жиҳатдан имконият бўлганда, чек маълумотлари билан жойлашган жойи бўйича геолакация маълумотларини операторга юбориш имкониятига эга бўлади;
онлайн-НКМлар 24 соат оффлайн режимида ишлагандан сўнг уларни автоматик блоклаш тизими жорий этилади.
Виртуал кассага оид ўзгаришлар:
виртуал кассага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин;
фискал маълумотлар, шунингдек, уларни операторга юборишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда оператор ва киберхавфсизлик марказидан қайта хулоса олиниши шарт;
электрон тижорат орқали фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари фискал маълумотларни операторга узатишни Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган виртуал касса дастурий маҳсулоти орқали амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, онлайн-НКМ ёки виртуал касса ишлаб чиқарувчилари томонидан ДСҚнинг махсус ҳисоб рақамига қўйилиши белгиланган захира суммаси банк ёки суғурта ташкилотлари кафолат хати асосида олти ой ичида шакллантирилиши мумкин. Бунда захира суммаси банк кафолат хати асосида тадбиркорлик субъектининг ўз эҳтиёжида (ихтиёрида) ҳам қолдирилиши мумкин.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар маҳаллий онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларини ортиқча сарф-харажатларини олдини олишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалар 2021 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.
ДСҚ Матбуот хизмати