14 февраль куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Mусаев онлайн-назорат касса машиналари ўрнатилган савдо объектларига ташриф буюриб, уларнинг ишлаш жараёнларини кузатди. Шу куни ДСҚ раҳбарияти онлайн-НКМ ва виртуал касса машиналарини етказиб берувчилар билан ҳам учрашди.
Янги технологиялар амалиётда қандай ишлаяпти?
Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг онлайн назорат-касса машинаси ўрнатилган “Chill out family” MЧЖга ташрифи давомида ушбу аппаратнинг қандай ишлаши визуал тарзда кўриб чиқилди.
Янги технология қулайликлари борасида корхона раҳбари
ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
– Онлайн-НКМ фойдаланиш учун жуда қулай, – дейди “Chill out family” MЧЖ раҳбари Шоҳруҳ Мирзаев. – Унинг ёрдамида тўлов амалга оширилганда, давлат солиқ органларига ҳисоботларни юборишга ҳожат қолмайди. Барча солиқ маълумотлари автоматик равишда давлат солиқ органлари маълумотлар базасида пайдо бўлади. Бу бизга ўта қулай бўлмоқда. Шу боис, барча хизматларимизни онлайн-НКМ ҳисоб-китоб тизимига ўтказишни режалаштиряпмиз.
Онлайн-НКМнинг QR-кодли чекини “Мysoliq” мобиль иловаси ёрдамида сканердан ўтказиш имконияти яратилган. Чек сканердан ўтказилганда сотиб олинган маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларни билиб олиш мумкин.
Онлайн-НКM ва виртуал касса Реестри
Ҳозирда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг Реестри тасдиқланган ва Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган https://soliq.uz.
Реестрга учта – “ARCA GROUP” MЧЖнинг PAX A-930, “ SMART ONE CLUB” MЧЖнинг UZ SMART BANK ва “MY AIR GROUP IT SERVICE” MЧЖнинг USKASSA N5 Онлайн-НКM моделлари киритилган.
Шунингдек, “Илмий-ахборот маркази” ДУКнинг “Янги технологиялар” ва “BAR CODE TEXNOLOGIES” МЧЖ томонидан тақдим этилган “Штрих-М: КассирV.5.0” виртуал кассалари ушбу Реестрдан жой олган.
Реестрга киритилган Онлайн-НКMлар ва виртуал кассалар билан https://soliq.uz/page/davlat-reestri ҳаволаси орқали батафсил танишишингиз мумкин.
ДСҚ раҳбариятининг ушбу қурилмаларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари билан учрашувида корхоналарни онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса машиналари билан тўлиқ жиҳозлаш, шунингдек, қурилмаларни ДСҚ базасига улаш билан боғлиқ техник масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий чорак сўнгига қадар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори моддалари, автомашиналар учун бензин, дизел ёқилғиси ва табиий газни сотиш билан шуғулланадиган 20 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти онлайн-НКМ ва виртуал касса аппаратларидан фойдаланишга ўтказилади.
ДСҚ Матбуот хизмати.