Ўзбекистонда 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши табиатан меҳнаткаш бўлган маҳаллий аҳоли учун айни муддао бўлди. Фуқаролар иш билан таъминлашнинг бу шаклида:
– даромад солиғидан озод этилади;
– иш стажига эга бўлиш ва пенсия ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлади;
– ДСҚ SOLIQ мобил иловасида хабар бериш шаклида масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.
Бу борадаги сўнгги янгилик, SOLIQ мобил иловасида хориж фуқаролари учун ҳам ўзини ўзи банд қилиш хизмати яратилгани бўлди. (https://soliq.uz/press-services/news/show/ozini-ozi-band-qilish-endi-horizh-fuqarolariga-ham-ruhsat-etildi)
Бугунги кунда ўзини ўзи банд қилиб, мустақил фаолият олиб боришни афзал кўрганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. 23 сентябрь ҳолатига солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтганлар 403 208 нафарга етди.
Амалдаги қонунчиликка кўра рухсат этилган 67 та фаолият турлари кесимида қаралганда маиший хизматлар йўналишини (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар) танлаётганлар сони нисбатан кўпроқ – 113 049 нафар.
Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасида ўзини ўзи банд қилган яна 87 231 нафар ҳамюртимиз қонуний фаолият олиб бормоқда.
74 086 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасини маъқул кўрган.
66 886 нафар ўзини ўзи банд қилганлар саноат йўналиши бўйича хизмат кўрсатмоқда (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш);
Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) соҳасида 54 428 нафар шахс мустақил фаолият олиб бормоқда.
7 476 нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаро эса АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) фаолият юритиш учун рўйхатдан ўтган.
ДСҚ Матбуот хизмати