Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган тарғибот-тушинтириш тадбирлари натижасида жорий йил 22 июль ҳолатига мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилганлар сони 174 270 нафардан ошди.
Бу борада Бухоро, Наманган, Навоий, Сирдарё, Самарқанд вилояти аҳолиси мос равишда етакчилар сафида бормоқда.
Айни вақтда ўзини ўзи иш билан таъминлашга рухсат этилган 67 та фаолият тури бўйича энг талабгир йўналиш – Маиший хизматлар (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) бўлиб турибди. Мазкур йўналишда 47 545 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Бошқа йўналишлар:
Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасида эса 36 712 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган;
Саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) билан 29 816 нафар шахс шуғулланмоқда;
Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорлариша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) 28 899 нафар фуқаро рўйхатдан ўтди;
Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасини 28 646 нафар шахс маъқул топган;
Ахборот комуникация йўналиши бўйича хизматлар (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 2 641 нафар шахс рўйхатга олинди.
Ўзини ўзи банд қилишнинг афзалликлари:
- меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди;
- ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун солиқ органига бориш шарт эмас. Бунинг учун смартфонингизда SOLIQ мобил иловаси бўлиши кифоя;
- бир йилда бир марта ижтимоий солиқ тўлайди (2020 йил учун энг камида 111 500 сўм);
- меҳнат стажига эга бўлади ва пенсия ҳисобланади;
- иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди.
Маълумот учун ДСҚнинг my.soliq.uz портали орқали ҳам масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати