Ўзини ўзи банд қилиш – фуқароларни иш билан таъминлашнинг янги формати. Мустақил равишда қонуний ишлаш ва меҳнат стажига эга бўлишга имкон беради.
Ўзини ўзи банд қилганлар шахсий ҳисобини юритиши ва қулай тарзда рўйхатдан ўтиши учун Soliq мобил иловасидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, Электрон солиқ хизматлари портали – my.soliq.uz да ҳам масофадан туриб рўйхатдан ўтиш имконияти яратилган. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар тўлайдиган ижтимоий солиқ (2020 йил учун камида 111 500 сўм) пенсия ва меҳнат стажи ҳисоблаш учун тўлиқ буюжетдан ташқари Пенсия жамғармасига юборилади.
Кейинги босқич – фаолият турини танлаш. Ўзини ўзи банд қилган шахс қонунчиликка кўра, рухсат этилган 67 та фаолият тури (турлари) билан шуғулланиши мумкин.
18 август ҳолатига Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 264 336 нафарга етди.
Сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматларини ўз ичига олган маиший хизматлар соҳаси аҳоли ўртасида ҳамон талабгир бўлиб қолмоқда – 74 229 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс;
Қишлоқ хўжалигида хизматлар соҳаси – чорва молларини ўтлатиш, парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш бўйича 55 823 нафар шахс рўйхатдан ўтди;
Саноат соҳасининг ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир-терсак тўплаш ва бошқа хизмат турларида 45 621 нафар шахс хизмат кўрсатишни афзал кўрган;
Уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати ва бошқа шу каби ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар соҳасида 44 468 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс шуғулланмоқда;
Нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш каби халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида – 39 998 нафар фуқаро рўйхатдан ўтди;
Ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш, ишлов бериш ва ахборот коммуникация соҳасининг бошқа йўналишларини 4 179 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс афзал билган.
Рақамлар – ҳудудлар кесимида:
Самарқанд вилояти – 36 610;
Тошкент шаҳри – 29 854;
Наманган вилояти – 27 463;
Фарғона вилояти – 22 836
Бухоро вилояти – 22 832;
Андижон вилояти – 22 445;
Қашқадарё вилояти – 18 452;
Тошкент вилояти – 17 319;
Сурхондарё вилояти – 16 053;
Хоразм вилояти – 12 386;
Қорақалпоғистон Республикаси – 11 937;
Жизах вилояти – 9 699;
Сирдарё вилояти – 8 633;
Навоий вилояти – 7 817;
ДСҚ Матбуот хизмати