1. 2020 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ихтиёрий равишда расман ўзини ўзи банд қилиш бошланди.
2. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар – жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган меҳнатга лаёқатли жисмоний шахслар.
3. Ўзини ўзи банд қилган шахс ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
4. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўламайди (Солиқ кодексининг 369-моддаси).
5. Ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат стажи ёзилади.
6. Ўзини ўзи банд қилганларга пенсия ҳисобланади.
7. Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлиши шарт. Улар меҳнат фаолияти давомида ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди ҳамда иш берувчига эга бўла олмайди. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини йўқотади.
8. Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сон қарори ва Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ЎРҚ-642-сон Қонуни билан тартибга солинади.
9. Болаларга қараб туриш, чорва молларини боқиш, якка тартибда дераза ва эшик пардаларини тикиш ва таъмирлаш, мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш, таржима хизматлари – булар ўзини ўзи банд қилганлар ихтиёрий равишда амалга ошириши мумкин бўлган ишларнинг бир қисми. Тўлиқ рўйхатдан 67 та фаолият тури ўрин олган.
10. Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансинг) кўрсатган хизматлари учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш ҳуқуқига эга.
11. Интернет орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансинг) контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) ҳуқуқига эга.
12. Гувоҳнома ўрнига хабар бериш тартибида масофадан туриб рўйхатдан ўтиш.
13. SOLIQ мобил иловаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатдан ўтиш имкони мавжуд.
14. Ҳар бир ўзини ўзи банд қилган шахсга бериладиган матрицали штрих код (QR-код) ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқлайди.
15. 2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади. Уларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади (Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида).
2020 йил 10 ноябрь ҳолатига 485 664 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди.
– маиший хизматлар соҳасини (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар) танлаганлар – 142 446 нафар;
– халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) 59 515 нафар шахс мустақил фаолият олиб бормоқда;
– қишлоқ хўжалиги соҳасида (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) 102 859 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтган;
– саноат соҳасида (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) 81 275 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс хизмат кўрсатмоқда;
– ижтимоий хизматлар соҳасида (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) 90 076 нафар фуқаро банд.
– АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) фаолият юритиш учун 9 093 нафар жисмоний шахс рўйхатдан ўтган.
ДСҚ Матбуот хизмати