Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган имтиёзлар.
2021 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4940-сон қарори қабул қилинди.
Мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш.
Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 январдан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга қуйидагича ҳақ тўланади:
– БҲМ нинг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули;
– уй-жойни ижарага олганлик учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси.
Тиббий олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи тиббий ходим олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинганда:
– 30 млн. сўм миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули:
– уй-жойи бўлмаганларга 3 йил давомида хизмат уйлари ёки БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.
Бунда назарда тутилган бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик компенсация солиқ тўловчиларнинг жами даромадларига киритилмайди ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Юқорида қайд этилган имтиёзлар ОТМ бакалаврияти ёки магистратурасини (таълим шаклидан қатъий назар) тамомлагандан кейин уч йил мобайнида ишлайдиган битирувчиларга қўлланилади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланади.
Чекка ҳудудда жойлашган бир бюджет ташкилотидан ёки тиббий муассасадан бошқа тегишли ташкилотга ўтганда ҳар ойлик пул компенсацияси белгиланган муддат тугагунига қадар давом эттирилади.
Уй-жой сотиб олинганда ёки хизмат уйи берилганда, шунингдек, меҳнат шартномаси бекор қилинганда компенсация тўлови тўхтатилади. Олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими 36 ойгача бўлган муддат ичида фаолиятини тўхтатган тақдирда, унга берилган дастлабки моддий ёрдам бюджетга тўлиқ қайтарилади.
ДСҚ Матбуот хизмати