Сўнгги ҳафтада (9.10 – 16.10) қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қоплаш (қайтариш) доирасида давлат томонидан тадбиркорлик субъектларига 284,3 млрд. сўм маблағ қайтарилди.
Соддалаштирилган тартиб солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб ариза юбориш имконини беради.
Ариза қуйидагиларга келиб тушади:
– ҳудудий давлат солиқ бошқармаларига;
– Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси.
Аризалар икки тартибда кўриб чиқилади:
1) барча тоифадаги ҚҚС тўловчилар учун 60 кундан кечиктирмай;
2) йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхона вакиллари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“ноль ставка”), солиқ мониторинги иштирокчилари учун 7 кундан кечиктирмай.
Жорий йил 1 январь – 16 октябрь ҳолатига қайтарилган ҚҚС суммасининг умумий миқдори 4 828,3 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу даврда давлат солиқ хизмати органларига 7 334 та ариза келиб тушди ва 6 183 таси кўриб чиқилди. 3 мингдан зиёд аризани қаноатлантириш учун Молия вазирлигига хулосалар юборилди.
ҚҚСнинг ортиқча суммаси 158 та йирик солиқ тўловчиларга қайтарилди. Шунингдек, ҳудудлар кесимида: Хоразм вилоятида – 905 та, Тошкент шаҳрида – 608 та, Наманган вилоятида – 198 та, Тошкент вилоятида – 187 та, Андижон вилоятида – 186 та, Сурхондарё вилоятида – 160 та, Фарғона вилоятида – 157 та, Бухоро вилоятида – 150 та субъектга ҚҚСнинг ортиқча суммаси қайтарилган.
Тадбиркорларга қайтарилган ортиқча ҚҚС суммаси тўлиқ уларнинг ихтиёрида бўлади. Бу фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардошликни ошириш, айланма маблағларни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга йўналтиралади.
ДСҚ Матбуот хизмати