Сиз дорихоналар, АЁҚШ, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдо нуқталари ҳамда йирик савдо тармоқларида ютуқли чек ўйинларида иштирок этаётган QR кодли чеклар берилиши шартлигини биласизми? Бунда тўлов қандай шаклда амалга оширилишининг фарқи йўқ. Ўйинда ҳамма иштирок этиши мумкин – асосийси, чекларни талаб қилинг!
Чекни олганда, аввало, харид миқдори тўғри ҳисобланганлигини, истеъмолчи у ёки бу маҳсулотни қайси нархда сотиб олганлигини таққослаш керак. Чек –тадбиркорлик фаолияти қонунийлигидан далолатдир.
Aмалдаги қонунчиликка кўра, юқорида кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари жорий йилнинг 1 январидан бошлаб онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланиши ва QR кодли чекларни бериши шарт. Aммо баъзи кассирлар офлайн терминаллардан фойдаланишни давом эттирмоқдалар ва истеъмолчиларга оддий чекларни бермоқда. Бундай чекларда қонунийлаштирилган маълумотлар йўқ: товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси(ҚҚС тўловчиси бўлганда), шунингдек QR-код ва фискал белги. Дорихона, ёқилғи қуйиш шохобчаси ёки алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш пункти томонидан бундай ҳаракатлар содир этилиши солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳисобланади.
Президентимизнинг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5813-сонли фармонига кўра, тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт. Агар, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилса, қонунбузарга 5 млн. сўмдан 20 млн. сўмгача жарима қўлланилади (Солиқ кодексининг 221-моддаси).
Давлат солиқ қўмитасига “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали мурожаат қилинг:
– Soliq мобил иловасида “Soliq hamkori” бўлими;
– my.soliq.uz (https://my.soliq.uz) – давлат солиқ хизматлари портали;
–·@soliq_hamkor_bot – телеграм-боти.
Шунингдек, мурожаатлар “ишонч телефони” (71-244-98-98) ёки call-маркази (1198) орқали ҳам қабул қилинади.
Ютуқли ўйинларда иштирок этувчи чеклар бутун ҳолатда сақланиши лозим.
Челарни рўйхатдан ўтказишнинг икки усули бор:
– QR кодини SOLIQ мобил иловаси ёрдамида сканер қилиш;
– 12 хонали фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзида юбориш.
Ютуқ фақат ҳақиқий чек ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда берилади. Яроқсиз ҳолдаги – йиртилган ёки ёзувлари ўчиб кетган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди. Бундай чеклар учун соврин берилмайди.
Ютуқли чек ўйинлари тўртинчи тиражи ҳам Тошкент шаҳри истеъмолчилари ўртасида ўтказилади. Ютуқли ўйинларни келгуcида бошқа ҳудудлардаги истеъмолчилар ўртасида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
28 сентябрь ҳолатига 19 мингдан зиёд чек рўйхатдан ўтказилди.
Омадингизни синаб кўринг! Қимматбаҳо совғалардан бири, шу жумладан Chevrolet Nexia 3 автомобили сизники бўлиши мумкин!
ДСҚ Матбуот хизмати