Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарори имзоланди.
Мазкур қарор билан, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича 6 та Низом тасдиқланди.
Уларга асосан, қўшилган қиймат солиқ суммаси ўрнини қоплаш масаласи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармалари, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва уни қоплаб (қайтариб) бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Солиқ суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби жорий этилди. Бунда, солиқ суммаси умумий тартибда ариза келиб тушган санадан эътиборан 60 кундан, тезлаштирилган тартибда эса 7 кундан кечиктирмай қайтарилиши белгиланди.
Маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тартиби ҳам белгиланди.
Шунингдек, мазкур қарор билан:
“Ҳисобварақ – фактураларнинг шакли ва уларни тўлдириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб, унга асосан товарлар (хизматлар) реализациясида ҳисобварақ - фактураларни тўлдириш тартиби ва уларни тўлдиришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди;
Чет эл юридик шахсларида иштирок этиш тўғрисидаги ва чет эл компанияларининг назорат қилувчи шахслари ҳисобланган назорат қилинадиган чет эл компаниялар хабарномаларнинг шакллари, уларни тўлдириш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низомлари тасдиқланди.
ДСҚ Матбуот хизмати