Агар экспорт хизматларини реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмаса, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот қандай топширилади? Ушбу саволга Давлат солиқ қўмитаси Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Рустамбек Тўхтасинов қадамма-қадам бажариладиган ишларни йўриқномаси орқали жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 266-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари Солиқ кодексининг 37-бобида белгиланган тартибда ҳақиқатда олинган товарлар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиши мақсадида бундай хизматларни реализация қилишдан олинган айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматлар кўрсатилганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил14 августдаги 489-сонли қарори билан тасдиқланган “Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 60-бандига асосан етказиб берувчи томонидан бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура шакллантирилади.
Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини тузишда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатишдан олинган айланмалар ҳисобот шаклининг 1-иловаси 020-сатри “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича айланма” сатрида кўрсатлиши лозим.
Шунингдек ҳисобот шаклининг 5-иловаси “Солиқ даври бўйича жами” сатридаги маълумотлар солиқ тўловчи томонидан бир томонлама расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида автоматик тарзда шаклланади. (Ҳисобот шакли Адлия вазирлигида 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 1-иловаси билан тасдиқланган.)