Ҳисоботларни шакллантириш жараёнларини автоматлаштириш нафақат давр талаби, балки шаффоф бизнес юритиш кафолатидир.
Шу боис, Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг 522-сонли қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда юритишга тўлиқ ўтишлари мажбурийлигини ҳисобга олиб, солиқ тўловчилар учун солиқ ҳисоботини тўлдиришни оптималлаштирмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш ва ҚҚС ҳисоботи шаклларидаги йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларнинг олдини олиш мақсадида эндиликда 4 ва 5-иловалардаги (шакл коди – 10006_14) баъзи қаторлар автоматик равишда тўлдирилади.
ҚҚС ҳисоботининг 1-бетида бир ойлик «Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактуралар» ва «Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича тасдиқланган ҳисобварақ-фактуралар» реестри жадвалларда шаклланади.
Аҳолига назорат-касса машиналари (тўлов терминаллари) орқали реализация қилинган товарлар (хизматлар), шунингдек банк хизматлари бўйича жами айланмалар суммаси солиқ даври (ой) якуни билан бир сатрда кўрсатилади ва “Бир томонлама ЭҲФ”ни танлаб, контрагентнинг маълумотларини киритиш заруратисиз ЭҲФ шакллантирилади. Хизматлар экспорти амалга оширилганда ҳам, бир томонлама ЭҲФ шакллантирилади.
Ушбу ЭҲФлар 5-иловада: «Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар)» реестрида акс этади. ЭҲФларнинг жамиси эса илованинг «Солиқ даври бўйича жами» қаторининг 6,7,8-устунларида автоматик равишда акс этади.
Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактуралар 4-иловада: «Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактуралар»да акс этади. ЭҲФларнинг жамиси эса илованинг «Солиқ даври бўйича жами» қатори 6,7-устунларида автоматик равишда акс этади. Шундан, ҳисобга олинмайдиган товарлар (хизматлар) солиқ тўловчининг масъул ходими томонидан 8,9-устунларига киритилади.
Шунингдек, хизматлар импорти амалга оширилганда ҳам, бир томонлама ЭҲФ шакллантириш ва ушбу ЭҲФларни 4-иловадаги реестрга киритиш имконияти ишлаб чиқилмоқда. Бу қулайлик тез орада йўлга қўйилади.
Ҳисоботлар тўлиқ ва тўғри акс этиши учун солиқ тўловчининг ЭҲФ тизими орқали жўнатган ва қабул қилинган ЭҲФлари «тасдиқланган» бўлиши лозим.
ҚҚС ҳисоботини тўлдириш билан боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга жавоблар тез фурсатларда Давлат солиқ қўмитасининг расмий ахборот манбаларида эълон қилинади.
Маълумот учун: Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 95 348 та тадбиркорлик субъекти қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатга олинган. Уларнинг 79,283 таси ёки 83,2 фоизи ҳисобварақ-фактураларни электрон кўринишда шакллантирмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати