Ўзбекистонда жорий этилаётган инқирозга қарши чораларнинг бир қисми – солиқ енгилликлари ички иқтисодиётни, айниқса, бизнес секторини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонига асосан, жорий йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиларига ушбу солиқни чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқи берилди.
Ҳозирги кунда ДСҚ нинг Ягона автоматлаштирилган тизими (ҚҚС тўловчилари Реестри)да 92 658 ҚҚС тўловчилари рўйхатга олинган. II чорак учун ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқидан фойдаланишни истаганлар бу ҳақда ўзлари ҳисобда турган жойдаги солиқ органига жорий йилнинг 20 майига қадар хабарнома тақдим этиши лозим эди.
Белгиланган муддатгача ДСҚ га 8 657 та ана шундай хабарнома келиб тушди. Бу борада энг кўп хабарномалар Тошкент шаҳри (2936 та) Тошкент вилояти (964 та), Қорақалпоғистон Республикаси (593 та) ва Фарғона вилоятидан (522 та) келди. Хабарнома тақдим этганларнинг 90% и ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблашга ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, қўшилган қиймат солиғини чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқидан фойдаланувчи солиқ тўловчилар бир вақтда:
- ҳисобот чорагининг ҳар ойида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошмаган;
- ҳисобот чорагининг барча ойи давомида тўлиқ электрон ҳисоб-фактурага ўтган бўлишлари лозим.
Мазкур талабларга жавоб бермаган солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини чораклик асосда тақдим қилиш ва тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва ойлик ҳисобот топшириш ва тўлаш тизимига ўтади.
II чоракдан бошлаб, юқорида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган солиқ тўловчилар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига:
✅ II чорак учун 20 майгача;
✅ III чорак учун 20 августгача;
✅ IV чорак учун 20 ноябргача «Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини чораклик топширишга ўтиш тўғрисида хабарнома»ни электрон шаклда тақдим этиши лозим.
Муҳим: чораклик асосда ҚҚС ҳисоботи шакли ишлаб чиқилмоқда ва 2020 йил 1 июлгача электрон солиқ хизматлари портали – my.soliq.uz га жойлаштирилади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Солиқ қонунчилиги нормаларини қўллаш бўйича қўшимча саволлар юзасидан, Давлат солиқ қўмитасининг Call-маркази – 1198 ёки 71 202-32-82 телефон рақамларига мурожаат қилиш ҳамда soliq.uz, my.soliq.uz расмий сайтлари орқали маълумот олишингиз мумкин.
Давлат солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчининг ишончли ҳамкори!
ДСҚ Матбуот хизмати.